Панжоб провинциясида сув тошқинлари 4,4 млндан ортиқ одамга зарар етказди

ASTANA. Kazinform — Покистоннинг шарқий Панжоб провинциясида содир бўлган сўнгги сув тошқинлари оқибатида камида 97 киши ҳалок бўлди, дея хабар беради Синьхуа.

Панжоб провинциясида сув тошқинлари 4,4 млндан ортиқ одамга зарар етказди
Фото: Str/Xinhua

Вилоят табиий офатларни бошқариш бошқармаси (PDMA) маълум қилишича, табиий офат 4,4 миллиондан ортиқ одамга ҳам таъсир кўрсатди.

PDMA томонидан жума куни эълон қилинган маълумотларга кўра, Рави, Сутлеж ва Ченаб дарёларида сув сатҳининг кўтарилиши натижасида юзага келган тошқинлардан провинция бўйлаб 4500 дан ортиқ қишлоқлар зарар кўрган.

Маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, қутқарув ишлари давом этар экан, 2,45 миллионга яқин одам хавфсизроқ ҳудудларга эвакуация қилинган.

PDMA маълумотларига кщра, жабрланган ҳудудларда жами 396 та ёрдам лагерлари ташкил этилган, 1,9 миллионга яқин чорва моллари эвакуация қилинган.

Расмий статистик маълумотларга кўра, 26 июндан бери мамлакатда мавсумий ёмғир ва сув тошқинлари оқибатида камида 956 киши ҳалок бўлган, 1060 дан ортиқ киши жароҳат олган. Мамлакат бўйлаб 8400 дан ортиқ уй вайрон бўлган ёки шикастланган, 6500 дан ортиқ чорва моллари нобуд бўлган.

Эслатиб ўтамиз, Покистоннинг Панжоб провинциясида сув тошқини хавфи туфайли 25 минг киши эвакуация қилинган эди.

Сўнгги хабарлар