Пандемиядан кейин дунё бўйлаб қамоқдаги маҳкумлар сони яна ўсмоқда
ASTANA. Kazinform – COVID-19 пандемияси пайтида қисқа муддатли пасайиш кузатилган бўлса-да, ҳозирги пайтда дунё бўйлаб қамоқхоналарда сақланаётган инсонлар сони яна ўсди. Бу ҳақда БМТ маълум қилди.

Бу ҳолат БМТнинг Наркотик воситалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси томонидан тайёрланган янги ҳисоботда баён этилган бўлиб, унда дунё қамоқхоналаридаги ҳолат тўғрисидаги сўнгги статистик маълумотлар жамланган.
Маълумотларга кўра, БМТ маълумот олаётган 181 мамлакатнинг 60 фоизидан зиёдида қамоқхоналар тўлиқ ёки ундан ҳам ортиқ даражада тўлган. Ҳар тўртинчи мамлакатда эса қамоқхоналар 150 фоиздан ортиққа тўлдирилган.
Қамоқхоналарнинг ортиқча тўлдирилиши озиқ-овқат сифати, гигиена ва тиббий хизматлар, юқумли касалликларнинг тарқалиш суръати, ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифаларга ёрдам кўрсатиш, маҳкумларнинг жисмоний ва руҳий соғлиғи, ҳамда таълим ва реабилитация дастурларига етишиш имкониятига салбий таъсир кўрсатмоқда. Ортиқча тўлдирилиш можаролар ва зўравонликларни кучайтириб, қамоқхона инфратузилмасини издан чиқаради ва хавфсизлик ҳамда бошқарувда катта муаммолар келтириб чиқаради.
Ҳисобот муаллифлари фикрига кўра, қамоқхоналардаги ортиқча тўлдирилишни бартараф этиш пенитенциар тизимлар учун устувор вазифага айланиши керак.
Қарийб учдан бир қисм маҳкум суд ҳукмисиз сақланмоқда
Дунё бўйича 3,7 миллиондан зиёд инсон ҳали суд ҳукми чиқарилмаган ҳолда сақланмоқда, бу эса умумий маҳкумлар сонининг тахминан 30 фоизини ташкил этади. Судсиз сақланаётган маҳкумлар улуши энг юқори бўлган ҳудудлар — Африка ва Океания (2023 йилда 37 фоиздан), энг паст кўрсаткич эса Европада (19 фоиз).
Жанубий Осиёда эса ҳолат айниқса ташвишли – бу ҳудудда ҳибсга олинган шахсларнинг деярли учдан икки қисми (64 фоиз) ҳали ҳукм олмаган. Ушбу кўрсаткич ўсишда давом этмоқда.
Дунё бўйича судсиз сақланаётган маҳкумлар орасида эркаклар ва аёллар ўртасида катта гендер фарқи бўлмаса-да, айрим ҳудудларда, хусусан, Африка ва Океанияда аёлларнинг улуши бутун дунё кўрсаткичидан юқори экани қайд этилган.
Қамоқхоналардаги ўлимларнинг кўп қисми олдини олиш мумкин
Ҳисоботга маълумот тақдим этган деярли барча давлатларда маҳкумлар орасидаги қасддан одам ўлдириш ҳолатлари умумий аҳоли ўртасидагидан юқори. Хусусан, Шимолий ва Жанубий Америкада қамоқхоналардаги ҳар 100 минг маҳкумга 17,4 та қасддан ўлдириш ҳолати тўғри келган бўлса, Европада бу кўрсаткич иккитага тенг.
2023 йилда дунё бўйлаб ҳар 100 минг маҳкумга 32,9 та суицид ҳолати тўғри келган – бу умумий аҳоли ўртасидаги кўрсаткичдан уч баробар юқори.
Ҳисобот муаллифлари таъкидлашича, қамоқхоналардаги ўлимларнинг кўп қисми олдини олиш мумкин.
Реабилитация учун инсонпарвар муҳит зарур
Қамоқхоналардаги реабилитация ва жамиятга қайта мослаштириш пенитенциар тизимнинг ажралмас қисми ҳисобланади. Мутахассислар фикрига кўра, реабилитация фақат тўғри бошқарув чоралари билан эмас, балки қамоқхонадаги умумий инсонпарвар муҳит билан таъминланса самарали бўлади.
Шунингдек, муваффақиятли реинтеграция фақат қамоқхона ичида эмас, жамиятда ҳам қўллаб-қувватланиши лозим. Хусусан, маҳкумликдан сўнг ишга жойлашишдаги тўсиқларни бартараф этиш ва собиқ маҳкумларга нисбатан муносабатдаги стигматизацияни камайтириш зарур, дейилади ҳисоботда.