Озарбайжон маймун чечаги хавфи туфайли чегара назоратини кучайтирди

BAKU. Kazinform - Озарбайжон Давлат божхона қўмитаси (ДБҚ) мамлакат давлат чегараси орқали аэропортлар ва бошқа назорат-ўтказиш пунктларида маймун чечаги вируси тарқалишининг олдини олиш бўйича кучайтирилган чора-тадбирларни амалга оширмоқда, дея хабар беради Kazinform агентлиги мухбири қўмитага таяниб.

Озарбайжон маймун чечаги хавфи туфайли чегара назоратини кучайтирди
Фото: report.az

Давлат божхона қўмитасининг маълум қилишича, ЖССТ маълумотларига асосланиб, маймун чечаги хавфи бўлган давлатлар аниқланган. Бу борада мазкур давлатлардан кириб келаётган йўловчиларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Озарбайжон маймун чечаги хавфи туфайли чегара назоратини кучайтирди
Фото: report.az

 

– Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида Давлат божхона қўмитаси тиббиёт хизмати томонидан божхона ходимлари учун ўта хавфли инфекциялар бўйича мунтазам ўқув машғулотлари ўтказилмоқда. Сўнгги пайтларда маймун чечагининг клиник белгилари, инфекция йўллари ва олдини олишга кўпроқ эътибор қаратилмоқда. Давлат чегараси орқали аэропортлар ва бошқа ўтказиш пунктларида ҳаво ҳарорати юқори бўлган йўловчиларни аниқлашда мавжуд техник имкониятлардан фойдаланилмоқда, - дейилади Давлат божхона қўмитаси хабарида.

Қўмитанинг таъкидлашича, агар касалликка чалинганликда гумон қилинган шахслар аниқланса, маълумотлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа тегишли тузилмаларга ўтказилади.

Озарбайжон Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассиси, юқумли касалликлар бўйича мутахассис Тайяр Эйвазовнинг сўзларига кўра, Озарбайжонда маймун чечаги билан касалланиш ҳолатлари қайд этилмаган. Аммо аввалроқ мамлакатга вирусни лаборатория текширувидан ўтказиш учун тестлар ва касаллик учун зарур дори-дармонлар олиб келинган эди.

Буюк Британия ВВС маълумотларига кўра, маймун чечаки вируси бутун дунё бўйлаб тарқалишда давом этмоқда ва бу йил Конго Демократик Республикасида 500 дан ортиқ одамни ҳаётига зомин бўлган. Ўтган ҳафта Швецияда вируснинг бир штамми аниқланди ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маймун чечаги эпидемиясини глобал фавқулодда ҳолат деб эълон қилди.

Озарбайжон маймун чечаги хавфи туфайли чегара назоратини кучайтирди
Фото: 1news.az

 

Маймун чечаги вирусли зооноз касаллик бўлиб, унинг белгилари чечакка ўхшайди. Вирус биринчи марта 1958 йилда Данияда тадқиқот мақсадида фойдаланилган маймунларда топилган.

Африкадан ташқарида янги, янада юқумли mpox штаммининг биринчи ҳолати Швецияда қайд этилган. Бемор катта эпидемия авж олган Африкага ташриф буюрганидан кейин юқтирган. Швеция расмийлари беморга керакли муолажалар ўтказилганини ва кузатув остида эканлигини тасдиқлади. ЖССТ глобал ҳаракатчанлик ва халқаро саёҳатни ҳисобга олган ҳолда, вируснинг Африкадан ташқарида янада тарқалиши хавфи юқори эканлигини таъкидлайди.

Африка минтақасидан ташқарида иккинчи ва Осиёда биринчи ҳолат Покистонда аниқланган. Касаллик яқинда Яқин Шарқдан Покистонга қайтиб келган Хайбер-Пахтунхва провинциясининг Мардан шаҳрида яшовчи фуқарода аниқланган.

ЖССТ маълумотларига кўра, 2022 йилнинг январидан 2024 йилнинг июнигача 116 мамлакатда 99 мингдан ортиқ тасдиқланган маймун чечаги ҳолатлари, 208 та ўлим қайд этилган.

Ҳозирги далиллар mpox вирусининг бутун дунё бўйлаб тарқалиши давом этаётганини кўрсатади. Жорий йилнинг июнь ойида лаборатория томонидан тасдиқланган 934 та янги ҳолат ва 4 та ўлим ҳолати қайд этилган. Африка минтақасида - 567 та, Америкада - 175 та, Европа минтақасида - 100 та, Тинч океанининг ғарбий минтақасида - 81 та ва Жануби-Шарқий Осиёда - 11 та ҳолат қайд этилган.

Аввалроқ Кazinform таҳлилий материалида янги пандемия Covidга қараганда 20 баравар кўпроқ инсон ҳаётига зомин бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди. Мухбиримиз навбатдаги хавфли касаллик нима бўлиши мумкинлиги ва дунё мамлакатлари унга қандай тайёргарлик кўраётганини таҳлил қилди.

Муаллиф: Серикбол Қошмағанбетов

Сўнгги хабарлар