Озарбайжон - Марказий Осиё учун Шарқ-Ғарб йўналишида ишончли транзит мамлакат – эксперт

Бауржан Аукен
Фото: Қозоғистон стратегик тадқиқотлар институти

ASTANA. Кazinform - Озарбайжон президенти Илҳом Алиев 9 август куни Астана шаҳрида бўлиб ўтадиган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг VI Маслаҳат учрашувида иштирок этишни режалаштирмоқда. Шу муносабат билан ҚР Президенти ҳузуридаги Қозоғистон стратегик тадқиқотлар институти Осиё тадқиқотлари бўлими катта эксперти Бауржан Аукен Kazinform мухбирига Озарбайжон нима учун Марказий Осиё давлатлари учун муҳим, деган саволга жавоб берди.

Бауржан Аукен Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон ўртасидаги кўп асрлик қардошлик муносабатлари билан боғланганини таъкидлади. Умумий маданий мерос давлатлараро алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва кенгайтиришнинг мустаҳкам асоси сифатида қаралмоқда. Мустақилликка эришганидан бери Қозоғистон ва Озарбайжон ўзаро суверенитет ва ҳудудий яхлитликни сақлаб, икки ва кўп томонлама форматда ҳамкорлик қилиб келмоқда. Олий даражадаги ташрифлар ҳамкорликнинг янги векторини очади.

“Қозоғистон ва Озарбайжон Марказий Осиё ва Жанубий Кавказнинг геосиёсий ўзаро боғланиши учун стратегик аҳамиятга эга. Бу мамлакатларнинг иқтисодиёти, демографик ва транспорт салоҳиятининг ўсиб бораётгани билан боғлиқ. Шунингдек, ўзаро савдо ва сармоя ҳажмининг ўсиши ҳамкорликнинг муҳим омилларидан биридир. Масалан, ўтган йили товар айирбошлаш тарихий юксак даражага етиб, 529,4 миллион долларни ташкил қилди”, - деди эксперт.

У Транскаспий халқаро транспорт йўналиши икки давлат учун муҳимлигини таъкидлади.

“Икки томонлама муносабатларда асосий ўринни транспорт-логистика сектори эгаллайди. Айни пайтда Транскаспий халқаро транспорт йўналишининг ўтказиш қобилиятини ошириш бўйича қўшма ишлар жадал олиб борилмоқда. Марказий Осиё мамлакатлари учун Озарбайжон Шарқ-Ғарб йўналишида ишончли транзит ҳисобланади. Яна бир муҳим лойиҳа – “Рақамли ипак йўли”. У Осиё ва Европа ўртасида рақамли телекоммуникация коридорини яратишга қаратилган. Лойиҳа доирасида Каспий денгизи тубида оптик толали алоқа тармоғини ётқизиш режалаштирилган. Бу ҳудудда рақамлаштириш ва алоқа хизматларини ривожлантиришга муҳим ҳисса қўшади”, – деди Бауржан Аукен.

Мутахассис Қозоғистон ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатлар юқорида тилга олинган икки лойиҳа орқали мустаҳкамланиши, Марказий Осиё ва Кавказни Каспий денгизи орқали боғловчи ушбу лойиҳаларда мамлакатлар асосий рол ўйнаши ҳақидаги фикрни қўшимча қилди.

Бундан ташқари, Озарбайжонда CОР29 контекстида Қозоғистоннинг қўллаб-қувватлашига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ҳам ушбу муҳим воқеани қўллаб-қувватлашини билдириб, Озарбайжон раҳбарига анжуман муносабати билан ўз табрикларини йўллаб, ўзи ва Қозоғистондан кўплаб делегатлар иштирок этишини айтди.

“Бу мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва глобал экологик ташаббусларга содиқликдан, шунингдек, долзарб экологик муаммоларни ҳал қилишга тайёр эканидан далолат беради”, — дея хулоса қилди ҚСТИ эксперти.

Сўнгги хабарлар
telegram