Озарбайжон Марказий Осиё билан мудофаа, хавфсизлик, энергетика ва транспорт соҳаларида ҳамкорлик қилишдан манфаатдор
ASTANA. Kazinform – Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Астана шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг VI Маслаҳат учрашувида иштирок этди, деб хабар беради Каzinform.
Илҳом Алиев тадбирда сўзга чиқиб, Қозоғистон Президентига Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувида иштирок этиш таклифи учун миннатдорлик билдирди.
“Ўтган йили Тожикистон Президенти Эмомали Шарипович Раҳмоннинг таклифига биноан Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган Саммитда иштирок этган эдим. Озарбайжоннинг ушбу учрашувларга таклиф этилиши мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва қардошлик ришталари, ҳамкорлик ривожланиб бораётганидан далолатдир. Бу менинг Марказий Осиёга сўнгги икки йил ичида 16-чи ташрифим. Шу вақт ичида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистондан ҳамкасбларим жами 15 марта Озарбайжонга ташриф буюришди. Озарбайжон ва Марказий Осиё мамлакатлари стратегик аҳамияти ортиб бораётган ягона тарихий, маданий ва геосиёсий макондир. Халқларимизни кўп асрлик тарих, маданият, дин ва умумий қадриятлар бирлаштириб туради. Қардошлик муносабатларимизнинг кўринишларидан бири Қорабоғнинг арман босқинидан озод қилинган ҳудудларини тиклашга кўмакдир”, – деди у.
Унга кўра, ўтган йили Фузулий шаҳрида Ўзбекистон совғаси бўлган Мирзо Улуғбек номидаги умумтаълим мактаби, жорий йилда эса Қозоғистон совғаси бўлган Қурманғази номидаги болалар ижодиёти маркази фойдаланишга топширилди. Бу йил ҳам Қирғизистон туҳфаси бўлган Агдам вилоятидаги умумтаълим мактабининг тамал қўйиш маросими бўлиб ўтди. Илҳом Алиев Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон Президентларига бундай биродарлик ёрдами учун ўз миннатдорчилигини билдирди.
“Дунёда тобора кучайиб бораётган таҳдидлар мамлакатларимиз ўртасидаги мудофаа ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни янада кучайтиришни тақозо этмоқда. Шу нуқтаи назардан, ўтган ой Қозоғистонда бўлиб ўтган, Озарбайжон ҳам иштирок этган “Бирлестик-2024” халқаро тезкор-тактик қўмондонлик-штаб ўқув машғулотларини алоҳида таъкидламоқчиман. Озарбайжон ҳарбий таълим муассасаларида Марказий Осиё давлатларидан келган курсантлар тайёрланаётгани ҳам бу борадаги алоқалар ривожланиб бораётганининг кўрсаткичидир”, – деди Президент.
Озарбайжон қайта тикланадиган энергия соҳасида Марказий Осиё давлатлари билан яқин ҳамкорлик қилишдан манфаатдор. Жорий йилнинг май ойида имзоланган “Озарбайжон, Қозоғистон ва Ўзбекистон энергетика тизимларини интеграция қилиш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум” яшил энергия соҳасидаги ҳамкорликнинг биринчи қадамидир.
Бундан ташқари, Алиев транспорт-транзит соҳасида ҳамкорликни қайд этди.
“Ўзаро ҳамкорлигимизнинг муҳим йўналишларидан бири транспорт-транзит соҳасида ҳам ҳамкорликдир. Боку-Тбилиси-Карс темир йўлининг ўтказувчанлигини 1 миллион тоннадан 5 миллион тоннага ошириш, Алят халқаро савдо портининг йиллик ўтказувчанлигини 15 миллион тоннадан 25 миллион тоннага ошириш чора-тадбирлари, Озарбайжон савдо флоти учун янги кемаларга буюртма бериш, Каспий денгизи, шунингдек, Марказий Осиё мамлакатларида амалга оширилаётган инфратузилма лойиҳалари Ўрта йўлакнинг амалий аҳамиятини янада оширади”, – дея тушунтирди у.
Озарбайжон раҳбари Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон билан амалга оширилаётган сармоявий лойиҳаларга эътибор қаратди. Хусусан, Озарбайжон-Қозоғистон, Озарбайжон-Қирғизистон ва Озарбайжон-Ўзбекистон қўшма инвестиция фондларини яратиш. Рақамли инфратузилма ва рақамли хавфсизликни ривожлантиришга ҳисса қўшадиган "Рақамли ипак йўли" лойиҳаси бўйича ҳам гапириб ўтди.
Шунингдек, Илҳом Алиев Озарбайжон ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги халқаро ташкилотлар доирасидаги муваффақиятли ҳамкорликка тўхталди.
“Шу муносабат билан БМТнинг Марказий Осиё иқтисодиёти бўйича махсус дастури – СПЕКАни алоҳида таъкидламоқчиман. Ўтган йилнинг ноябрь ойида СПЕКА ташкилотининг 25 йиллигига бағишланган Бокуда бўлиб ўтган Саммит якунлари ҳамкорлигимизни амалий ривожлантириш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга. Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон президентларига Бокудаги СПЕКА саммитидаги иштироки учун яна бир бор миннатдорчилик билдираман. Озарбайжон халқаро ҳамжамиятнинг бир овоздан қўллаб-қувватлаганидан сўнг, жорий йилнинг ноябрь ойида CОР29 иқлим конференциясига мезбонлик қилади. Озарбайжон CОР29 га раислиги доирасида минтақамиздаги иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш бўйича Марказий Осиё давлатлари билан қўшма ташаббусларни қўллаб-қувватлашга тайёр. Мен аллақачон Марказий Осиё давлатлари президентларига расмий таклифномалар юборганман ва ноябрь ойида Бокуда бўладиган янги учрашувимизни кўришдан хурсанд бўламан”, – деди Озарбайжон Президенти.