Олжас Бектенов Ақтау ва Қурик денгиз портларини ривожлантириш режаси билан танишди
AQTAÝ. Kazinform – ҚР Бош вазири Олжас Бектенов Манғистау вилоятига амалий ташрифи чоғида вилоятнинг транспорт-логистика ва туризм салоҳияти билан танишди. Ақтау, Қурик денгиз портларига ташриф буюрди, шунингдек, Кендирли курорт зонасини ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Бош вазирга Қуруқ денгиз портига ташрифи чоғида йил бошидан буён юкларни қайта юклаш ҳажми 1,5 миллион тоннадан ошгани, йил охирига келиб эса бу кўрсаткич 2,2 миллион тоннага етиши айтилди. Жорий йилда чуқурлаштириш ишлари якунланиб, дон терминалини ишга тушириш режалаштирилган. Логистика кластерини яратиш, паром паркини янгилаш ишлари олиб борилмоқда. Умумий истиқболли лойиҳа қуввати йилига 6 миллион тонна юкни ташкил этади. Қуруқ денгиз порти йил давомида автомобиль ва темир йўл паромларини сиғдира олади, 4 та алоҳида тўхташ жойи мавжуд.
Бу ерда Олжас Бектенов энергетика, нефтни қайта ишлаш, кимё саноати ва бошқа соҳаларда қўлланиладиган “яшил” водород ишлаб чиқариш бўйича Қозоғистон-Германия сармоявий лойиҳаси билан таништирилди. Корхонанинг қуввати 2 миллион тоннага етади. Инвестициялар ҳажми 50 миллиард евродан ошади. Лойиҳани амалга ошириш жараёнида 40 ГВт қувватга эга сувни тузсизлантириш ва ИЭС ни қуриш ва фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Лойиҳа доирасида 1,8 минг иш ўрни яратилади.
Бош вазир Ақтау денгиз савдо порти имкониятлари билан танишди. Объект Транскаспий халқаро транспорт йўналишини ривожлантиришда муҳим рол ўйнайди. Ўзининг техник параметрлари ва йўлга қўйилган бизнес жараёнлари бўйича порт замонавий халқаро стандартларга жавоб беради. Техник жиҳозлар кенг турдаги юкларни ташиш имконини беради. Бугунги кунда объектнинг қуввати 11 миллион тоннадан ошади. Учта нефть қуйиш шохобчаси ва учта қуруқ юк порти, йилига 800 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ташишга қодир бўлган дон терминали, шунингдек, паром комплекси мавжуд. Жорий йилнинг 8 ойида порт орқали юкларни қайта юклаш ҳажми 3 миллион тоннадан ошди, асосий йўналишлар Эрон, Туркманистон, Озарбайжон, Россия ва бошқа давлатлардир.
Бу ерда Ақтау порти негизида контейнер ташиш марказини қуриш режаси ҳақида хабар берилди. Хитойнинг энг йирик порт компанияларидан бири «Ляньюньган порт компаниялар груҳи» МЧЖ инвестор сифатида жалб этилди. Инвестицион лойиҳа ўрта ва узоқ муддатли транспортни режалаштиришга ҳисса қўшиши ва юкларни етказиб бериш учун қулай шарт-шароитлар яратиши кутилмоқда.
Бош вазир халқаро транспорт йўлаклари чорраҳасида жойлашган Манғистау вилоятининг стратегик аҳамиятини қайд этди.
“Давлат раҳбари Ҳукумат олдига портларимизни ўзгартириш, уларни Каспий денгизининг етакчи марказларидан бирига айлантириш бўйича стратегик вазифа қўйди. Қозоғистоннинг географик жойлашуви бизнинг устунлигимиз, ундан имкон қадар фойдаланиш керак. Манғистау вилояти кучли транзит, логистика ва инфратузилма-хизмат салоҳиятига эга бўлиб, уни янада ривожлантириш зарур. Шу боис маҳаллий денгиз транспорт-логистика кластерини кенгайтириш имконини берувчи янги лойиҳаларни амалга ошириш жуда муҳим”, — деди Олжас Бектенов.
Вилоятга амалий ташрифи чоғида жорий йилнинг июнь ойида бўлиб ўтган туризмни ривожлантириш кенгашида Давлат раҳбари томонидан берилган топшириқлар ижросига алоҳида эътибор қаратилди. Бу йил вилоятга ташриф буюрганлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9,5 фоизга ошди. Соҳада кўрсатилган хизматлар ҳажми 6,5 миллиард тенгега етди. Кейинги 2 йилда вилоятда меҳмонхоналар ва дам олиш масканлари қуриш бўйича 4 та йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилди. 2025-2027 йилларда туризм соҳасида 500 дан ортиқ иш ўрни билан яна 12 та лойиҳани ишга тушириш режалаштирилган.
Кендирли курорт ҳудуди Манғистау вилоятининг машҳур масканларидан биридир. Олжас Бектеновга туристлар оқимини кўпайтиришга қаратилган асосий инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш режалари ҳақида сўзлаб берилди. Унинг таркибига халқаро аэропорт, суткасига 50 000 м3 қувватга эга сувни тузсизлантириш заводи киради. Бундан ташқари, умумий узунлиги 156 километр бўлган “Жанаўзен-Кендирли-Туркманистон чегараси” йўлида ўртача даражада таъмирлаш ишлари олиб борилади.
“Манғистау вилоятининг сайёҳлик салоҳиятини янада ривожлантириш истиқболи жуда катта. Бунинг учун ҳудуднинг денгизи, ажойиб манзаралари, тарихий обидалари, муқаддас қадамжолари бор. Сифатли силжиш учун инфратузилмани ривожлантириш, инвестицияларни жалб қилиш, янги иншоотлар қуриш зарур. Тегишли вазирлик ва ҳокимликларга ушбу масалаларнинг барчасини алоҳида назоратда ушлаб туришни топшираман”, — деди Олжас Бектенов.