Олжас Бектенов 100 та йирик лойиҳани рақамли тенге форматига ўтказишни топширди

ASTANA. Kazinform – Давлат раҳбарининг бюджет сиёсатини ошкора қилиш мақсадида рақамли тенгенинг жорий этилишига доир топшириғини амалга ошириш масаласи Ҳукуматда кўриб чиқилди. Бу ҳақда ҚР Ҳукумати матбуот хизмати хабар берди.

Олжас Бектенов 100 ірі жобаны цифрлық теңгеге көшіруді тапсырды
Фото: ҚР Ҳукумати

ҚР Бош вазири Олжас Бектенов рақамли тенге орқали маблағларни белгилаш ва кузатишга оид пилот лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан йиғилиш ўтказди. Бу ҚР Президетининг Қозоғистон халқига Мурожаатномасида белгилаб берилган молия тизимини рақамлаштириш ва давлат бошқарувини самаралилаштириш вазифаларига мос келади.

Йиғилишда давлат харажатлари жараёнига миллий рақамли валютани жорий этиш ҳолати муҳокама қилинди.

Музокараларда Бош вазир ўринбосари – ҚР Миллий иқтисодиёт вазири Серик Жуманғарин, ҚР Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазири Жаслан Мадиев, ҚР Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазири Светлана Жақипова, ҚР Молия вазири Мади Такиев ҳамда видеоконференция орқали ҚР Ички ишлар вазири Ержан Саденов, Давлат хизматлари агентлиги раҳбари Дархан Жазиқбай иштирок этди.

Миллий банк раиси Тимур Сулейменовнинг маълум қилишича, ҳозиргача 257,5 миллиард рақамли тенге айланмага чиқарилган. Платформа ҳозирча синов-саноат босқичида бўлиб, декабрь ойида тўлиқ ишга туширилиши режалаштирилмоқда.

Миллий банкнинг рақамлаштириш лойиҳалари раҳбари Бинур Жалелов маълум қилганидек, рақамли тенге бугунги кунда ўнга яқин йўналишда синовдан ўтказилган. Жумладан, рақамли ҚҚС орқали солиқ қайтариш муддати 75 кундан 5 иш кунигача қисқартирилди. Йўл таъмирига ажратилган маблағлар «Павлодар – Атирау» ва «Муқир – Қулсари» лойиҳаларида белгилаб борилди. Шунингдек, «Достиқ – Мойинти» темир йўли ва «Талдиқорған – Ушарал» газ қувури каби Миллий фонд орқали молиялаштирилаётган лойиҳаларда маблағларни мақсадли сарф этиш назорат қилинмоқда.

Келгусида «Бейнеў – Бозой – Шимкент» газ қувури, газ тақсимлаш мажмуаси ва «Бақти – Аягўз» темир йўли лойиҳаларини ҳам амалга ошириш режалаштирилган. Шунингдек, «Ауил аманати» микрокредитлаш дастури доирасида маблағларни вақтинча музлатиш механизми муваффақиятли синовдан ўтди.

Рақамли тенгенинг қўлланиш соҳалари кенгаймоқда: кўчмас мулк ва автотранспорт билан битимлар тузиш, мактаб овқатланиши, қимматбаҳо товарлар хариди, агросаноат мажмуасига давлат кредитлари каби соҳалар қамраб олинмоқда.

Йиғилишда ҳуқуқий-меъёрий базани такомиллаштириш масаласи ҳам муҳокама қилинди. «Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида»ги қонунга рақамли ҳисоб тушунчаси ва бошқа нормаларни жорий этиш бўйича ўзгартиришлар тайёрланган.

Олжас Бектенов рақамли тенгенинг асосий афзалликларини қайд этди – маблағларни дастурлаш ва белгилаш имконияти. Бу маблағ ҳаракати устидан назоратни кучайтириш ва мақсадсиз сарфнинг олдини олишга ёрдам беради.

“Президент топшириғига мувофиқ, рақамли тенге орқали маблағларни белгилаш ва кузатиш лойиҳалари босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Бу бюджет маблағларининг мақсадли ва ошкора фойдаланилишини таъминлайди. Белгилаш жараёнини самарали бажариш учун ахборот тизимлари «Рақамли тенге» платформаси билан ўз вақтида интеграция қилиниши керак. Шунингдек, меъёрий-ҳуқуқий база ҳам такомиллаштирилиши лозим. «Белгиланган пул» механизми тўлиқ ва сифатли жорий этилиши шарт. Яқин вақт ичида Миллий фонд ва бюджет ҳисобидан молиялаштириладиган камида 100 йирик лойиҳани рақамли тенге форматига ўтказишни топшираман”, – деди ҚР Бош вазири.

Йиғилиш якунида Бектенов давлат идораларига Миллий банк ва бошқа манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда рақамли тенгенинг иқтисодиёт тармоқларига тезкор интеграцияси юзасидан Йўл харитасини ишлаб чиқишни топширди.

Сўнгги хабарлар