Нур-Султанда алоҳида эҳтиёжли болалар учун теннис корти очилади
Алтай Кулгинов «Даулет» теннис маркази мамлакатда биринчилардан бўлиб #it’sallaboutability (ЮНИСЕФ халқаро дастури)доирасида инклюзив гуруҳни ишга туширганини таъкидлади. Бугунги кунда марказда теннис ўйнайдиган болаларни қамраб олиш даражаси 25 фоизга ошди.
«Оммавий спортни ривожлантириш ва ундан ҳам кўпроқ болаларни қамраб олиш учун биз шаҳардаги боғлар ва мактабларда янги теннис кортлари учун мавжуд майдончаларни қайта жиҳозлашни режалаштирмоқдамиз. «Даулет» теннис маркази ва Қозоғистон теннис федерацияси спорт анжомлари билан таъминлайдилар, шунингдек, улар маҳорат дарсларини ўтказадилар. Агар ҳозирда мингга яқин бола теннис билан шуғулланадиган бўлса, унда ушбу лойиҳани амалга ошириш болалар сонини 10 мингтага етказади.
Давлат раҳбари топшириғига биноан биз болалар ва катталарни оммавий спортга жалб қилиш учун шароит яратиш устида иш олиб бормоқдамиз. Бундан ташқари, бу бизнинг интилувчан спортчиларимизга ёрдам беради. Янги спорт мажмуалари ва майдончалари ҳар хил спорт турларини ривожланишини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишга имкон беради», - деб ёзган ҳоким.
Пойтахт ҳокимининг сўзларига кўра, «Даулет» теннис маркази 2019 йилнинг кузида Қозоғистон Теннис федерацияси томонидан тақдим этилган. Спорт мажмуаси 8 та ёпиқ ва 5 та очиқ майдончани, спорт залларини, назарий машғулотлар учун ўқув хоналарини, овқатланиш жойини ва бошқаларни ўз ичига олади. Бундан ташқари, болалар хавфсизлиги учун теннис марказида видеокузатув камералари ўрнатилган.
«Фақатгина 2020 йилда 76 гектардан зиёд майдон ободонлаштирилди. Бу 150 га яқин ҳовли ва 60 та жамоат жойлари (боғлар, хиёбонлар, бульварлар) тартибга солинди деганидир. Пойтахт аҳолисининг тўртдан бир қисми спорт билан шуғулланадиган ва пиёда юрадиган жойларга эга бўлди.
Биз шаҳар аҳолисини жалб қилган ҳолда ҳовлилар ва жамоат жойларини қурамиз ва янгилаймиз», - дея хулоса қилди пойтахт раҳбари.