Норвегия денгиз тубидан минерал қазиб олади

Норвегия денгиз тубидан минерал қазиб олади
Фото: Azertag

Норвегия ҳукумати денгиз тубидан магний, кобальт, мис, никель каби минераллар қазиб олиш бўйича иш бошлашга қарор қилди, деб хабар беради Каzinform агентлиги Azertag нашрига таяниб.

Мамлакат денгиз тубида мавжуд бундай моддалардан батарея, телефон, электромобиль ва шамол турбинаси ишлаб чиқаришда фойдаланади.

Норвегияда денгиз минераллари “янгича денгиз саноатига пойдевор қўйиш” учун янги нефть сифатида баҳоланмоқда.

Очилиши мумкин бўлган ҳудуд Баренц ва Гренландия денгизларида, Норвегия чегарасидан анча узоқ жойлашган ва мамлакат ҳудудининг, тахминан, тўртдан уч қисмини ташкил қилади.

Қазиб олиш бўйича расмий қарор келаси йил бошида қабул қилиниши кутиляпти. Афсуски, Норвегиянинг бу режаси Европа Иттифоқида мухолифат пайдо қилди: 119 парламентарий Норвегия парламентини денгиз тубидан қазиб олиш амалиётидан воз кечишга чақирди.

Бутун дунёда олимлар, атроф-муҳитни муҳофаза қилувчи ташкилотлар ва сиёсатчилар айни жараён биологик хилма-хилликни йўқотиши, иқлим ўзгаришини кучайтириши хавфидан огоҳлантирмоқда. Европа парламентарийлари, шунингдек, Норвегия тасдиқламоқчи бўлган кон қазиб олиш минтақадаги балиқчилик ва денгиз экотизимига салбий таъсир этишидан хавотирда.

Сўнгги хабарлар