Нима учун баъзи мамлакатлар бой ва бошқалари камбағал: Жеймс Робинсон эксклюзив интервью берди
ASTANА. Кazinform – 2024 йилги Нобель мукофоти лауреати, сиёсатшунос, иқтисодчи Жеймс Робинсон Кazinformга берган эксклюзив интервьюсида Қозоғистон атрофида рўй бераётган ўзгаришлар ҳақида гапирди. Эслатиб ўтамиз, олим 12 йил давомида ҳамкасблари Дарон Ажемоғлу ва Саймон Жонсон билан биргаликда ёзилган “Нега баъзи давлатлар бой, бошқалари эса камбағал?” китоби учун Нобель мукофотига сазовор бўлган. Суҳбат давомида иқтисодчи бу асарнинг 12 йилдан сўнг яна жамоатчилик эътиборига ҳавола этилиши ва Нобель мукофотига сазовор бўлганини дунёда тенгсизлик муаммосининг кучайиши билан боғлади.
- Марказий Осиё ва Қозоғистон келажакдаги тадқиқот объектингизга айлана оладими?
- Ҳа, қизиқ бўларди. Ўтган йили Қирғизистон ва Ўзбекистонга бориб, китобимнинг таржимасини тақдим қилдим. Ўзбекистонда яхши иқтисодчи дўстим бор. Шундай қилиб, мен сиз айтган муаммо ҳақида ўйлаяпман. Аммо менинг тадқиқотим мен шуғулланадиган масалалар билан боғлиқ. Бу муаммолар мени ҳар қандай давлатга олиб бориши мумкин. Масалан, бунгача Лотин Америкаси ва Африкада кўп ишлаганман. Энди мен Африка ҳақида ёзяпман. Шунинг учун Марказий Осиёни ўрганиш муаммосини кўриб чиқиш мумкин. Лекин бунинг учун мен тўғри саволларни шакллантиришим керак. Бу услубим шундай.
— Нобель мукофотига сазовор бўлган ишингизда Афғонистоннинг марказлашган ҳукуматсиз даври ўз аксини топган. Толибоннинг қайтиши билан марказлашган ҳокимият ўрнатилганига ишонасизми? Бу Афғонистон иқтисодиётининг ривожланишига қандай таъсир қилиши мумкин?
- Бу муаммо менга қизиқ. Негаки, Толибон қўлида АҚШ кўмагига таянган кучларнинг ҳеч бирида бўлмаган куч бор. Мен Афғонистоннинг аввалги президентлари мамлакатни сезиларли даражада назорат қила олмаганини кўрдим. Толибон қўлидаги таъсир эса анча чуқурроқ ва назоратнинг ижтимоий механизмлари мавжуд.
Афғонларнинг аксарияти Толибонни қонуний ҳокимият сифатида тан оладими? Бу жуда мураккаб муаммо. Ғарб нуқтаи назаридан, бу мутлақо ноқонуний куч деб ҳисобланиши мумкин. Аммо мен юзаки тушунган фикрларим ҳам бу позицияни тўлиқ тасдиқламайди. Толибон, асосан, пуштунларнинг манфаатларини ўйлайди. Афғонистон эса турли маданиятлардан ташкил топган давлат. Шимолда ўзбеклар кўп экан, шекилли. "Толибон бутун Афғонистон халқининг ҳукуматими?" деган савол туғилади. Лекин Исломга устуворлик кўпчиликга таъсир ўтказмоқда.
Мен Америка Қўшма Штатлари Афғонистонда самарали ва қонуний ҳукумат ўрнатолмаганига ишонаман. Афғон халқи ўз тарихини янги саҳифадан бошлай олмади. Бошқача қилиб айтганда, улар аввалги қадриятларига қайтади. Эндиликда Толибон халқаро миқёсда четда қолмаслиги учун ҳаракат қилиш, бошқа давлатлар билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳим.
Мен Хитой ҳукуматини Афғонистондаги ҳукуматдан кўра қонунийроқ деб ҳисоблаш учун ҳеч қандай сабаб кўрмаяпман. Шубҳасиз, Толибоннинг аёлларга нисбатан тутган позицияси каби масалаларда кўплаб келишмовчиликларимиз бор. Аммо Толибонга туҳмат қилишда давом этиш ноўриндир. Ахир, дунёда Ғарбнинг бошқа қадриятларига зид бўлган турли позицияларни қўллаб-қувватловчи давлатлар бор.
- Хитой иқтисодиётининг ривожланиш суръатлари ҳамон ривожланган давлатларникидан юқори, деб айта оламизми?
- Хитойнинг ривожланиш суръати, албатта, секинлашишига ишонаман. Йиллик 10 фоизлик ўсишни абадий сақлаб бўлмайди. Иқтисодий ўсиш табиий равишда секинлашади. Ахир, ўсишнинг дастлабки босқичида ҳал қилиниши керак бўлган муаммолар жуда оддий бўлади. Иқтисодиёт ривожланиб, мураккаблашиб боргани сари ҳал қилиниши керак бўлган муаммолар ҳам мураккаблашиб, янгилик киритишни талаб қилади. Буларнинг барчаси иқтисодиётнинг ривожланишини секинлаштиради.
Шунга қарамай, Хитой иқтисодиёти жиҳатидан энг тез ривожланаётган давлатлардан бири бўлиб қолмоқда. Хитойнинг таъсири турли йўналишларда кенгайиб бормоқда.
Мен New York Times газетасида қизиқарли мақолани ўқидим. Афтидан, Италия қаҳвахоналарини хитойликлар сотиб олиб, бошқараётгандек. Мен Хитойнинг кўплаб соҳаларда таъсири кучаяётганини назарда тутяпман.
Бироқ, биз "Нега баъзи мамлакатлар бой, бошқалари эса камбағал?" китобимизда айтганимиздек, бу ўсиш доимий равишда давом эта олмайди. Тарихда сиёсий тоталитар тузумга бўйсунадиган мамлакатнинг инклюзив ва инновацион ривожланишининг намунаси йўқ. Коммунистик тузумнинг якуний позицияси ҳокимиятни аҳоли устидан қаттиқ назорат қилиш орқали сақлаб қолишга асосланган. Бу позиция охир-оқибат барқарор иқтисодий ўсишга зид бўлиши мумкин. Бу - менинг Хитой билан боғлиқ башоратларим.
Суҳбатнинг тўлиқ матни билан бу ерда танишиш мумкин.