Нетаньяху ХАМАС раҳбарининг ўлими ҳақида: Уруш ҳали тугамади
ASTANA. Kazinform – Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху Исроилнинг асосий телеканаллари орқали эфирга узатилган телемурожаати чоғида ХАМАС ҳаракати энди Ғазо секторида ҳукмронлик қилмаслигини таъкидлади, деб ёзади ТАСС.
Шунингдек, у Исроил ҳарбийлари томонидан Фаластиннинг ХАМАС сиёсий бюроси раҳбари Яҳё Синварнинг ўлдирилиши бу ташкилотнинг “охирги кунининг бошланиши” эканлигини айтди.
Исроил вазирлар маҳкамаси раҳбарининг таъкидлашича, Ғазо секторидаги ҳарбий амалиёт ХАМАС раҳбарини “тугатиш билан тугамаган” ва радикаллар томонидан гаровга олинганлар озод этилмагунча “тўлиқ қувватда” давом этади.
“Бизга зарар етказадиганлар билан нима содир бўлишини яна бир бор кўрсатдик. Бугун мен Яҳё Синвар йўқ қилинганини эълон қиламан. Аммо уруш бу билан тугамади. Ёвузлик даҳшатли зарба олди, аммо бизнинг вазифамиз ҳали тугамаган", – деди Нетаньяху.
Унинг сўзларига кўра, Синварнинг йўқ қилиниши "урушдаги муҳим лаҳзадир".
"Биз барча гаровга олинганларни уйга қайтариш учун бор кучимиз билан курашишда давом этамиз", – дея қўшимча қилди у ва бу унинг "шахсий муқаддас бурчи" эканлигини таъкидлади.
"Мен Ғазо аҳолисига айтмоқчиман: унинг (Синвар - ТАСС эслатмаси) тугатилиши Ғазо секторида энди ҳукмронлик қилмайдиган ХАМАС режимини тугатиш йўлидаги муҳим босқичдир", – дея давом этди у.
Нетаньяху Фаластин ҳаракати жангариларига мурожаат қилар экан, уларнинг "раҳбарлари қочиб кетмоқда ва улар йўқ қилинади" деди. Уларни "таслим бўлишга” ва "гаровга олинганларни қайтаришга" чақирди, шундан сўнг Исроил уларга "кетиш ва яшаш имкониятини беради”.
Аввалроқ Исроил Ғазо секторида ХАМАС етакчиси Яҳё Синвар ўлдирилганини тасдиқлаган эди.