Нега турли мамлакатлар ўз олтин захираларини АҚШда сақлайди

ASTANA. Kazinform – АҚШ дунёдаги энг йирик олтин захираларини сақлаш маркази сифатида етакчи ўринни эгаллаб келмоқда. Бу ерда нафақат Америка Қўшма Штатларининг, балки кўплаб бошқа мамлакатларнинг ҳам олтин захиралари сақланади. Шунга қарамай, айрим давлатлар ўз олтинларини АҚШдан қайтариб олишга интилаяпти. Бунинг сабаблари ҳақида Kazinform агентлиги мухбири тайёрлаган материалда сўз боради.

Почему разные страны хранят свои золотые запасы в США
Коллаж: Kazinform / Pexels

Энг йирик олтин омборлари

World Gold Council маълумотларига кўра, бутун дунёда турли банкларда сақланаётган олтин қимматбахо металлларининг умумий ҳажми 31 минг тоннага яқин. Унинг 8133,5 тоннаси АҚШ ҳиссасига тўғри келади – бу дунё захираларининг 26,2 фоизини ташкил этади.

Инфографика
Инфографика: zolteh.ru

АҚШда дунёдаги энг йирик ва энг яхши муҳофазаланадиган олтин омборлари жойлашган.

Нью-Йоркдаги Федерал захира банки (Federal Reserve Bank of New York) – дунёдаги энг йирик олтин омбори ҳисобланади. Бу ерда тахминан 6700 тонна олтин сақланади. Унда 30 дан ортиқ хорижий мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар (масалан, ХВЖ) олтини сақланмоқда. АҚШнинг ўзи, яъни Федерал захира тизими бу ерда ўз олтини деярли сақламайди.

Бу омбор юқори даражада ҳимояланган – 25 метр ер остида жойлашган бўлиб, оғирлиги 90 тонна бўлган пўлат эшик билан ёпилади. У махсус бўлинма ва Федерал захира тизимининг хавфсизлик тизими томонидан қўриқланади.

Кентукки штатидаги Форт-Нокс (Fort Knox Bullion Depository) ҳарбий база ҳудудида жойлашган ва дунёдаги энг муҳофазаланган жойлардан бири ҳисобланади. Бу ерда тахминан 4580 тонна олтин сақланади, бу АҚШнинг расмий олтин захираларининг 50 фоизига тенг. Олтин АҚШ Молия вазирлигига тегишли. Деворлари 1,2 метрлик гранитдан қурилган, эшиги 22 тонна. Ҳимоя ҳарбийлар, видеокузатув, сенсорлар, тўсиқлар ва ер ости тизимлари орқали таъминланган. Оммавий кириш қатъий тақиқланган.

Колорадо штатидаги Денверда жойлашган Монета заводидаги федерал омбор – бу ерда АҚШнинг 400 тонна олтин захираси сақланади. Шунингдек, бу ерда оддий ва коллекциявий тангалар зарб этилади. Объект АҚШ Молия вазирлигига қарашли.

Нью-Йорк штатидаги Вест-Пойнт ҳарбий академияси яқинида жойлашган Вест-Пойнт олтин омбори («West Point Bullion Depository») – АҚШ олтин захирасининг 21 фоизи, тахминан 1700 тонна олтин шу ерда сақланади.

Филаделфия (Пенсильвания штати) ва Сан-Франциско (Калифорния штати) шаҳарларидаги АҚШ Монета заводларида асосан тангалар зарб этилади ва 1400 тонна атрофидаги олтин сақланади.

золото
Фото: DALL-E

АҚШдаги энг йирик хорижий олтин эгалари:

  • Германия – тахминан 1500 тонна
  • Нидерландия – 600 тонна
  • Италия – 1000 тонна
  • Туркия – 200 тонна
  • Австрия – 150 тонна
  • Шунингдек, Мексика, Япония, Швейцария, Саудия Арабистони ва бошқалар.

Хавфсизлик ва арзонлик – асосий сабаблар

Хорижий мамлакатларнинг ўз олтинларини АҚШда сақлашининг бир нечта сабаблари бор. Биринчиси – тарихий омиллар. Иккинчи жаҳон урушидан сўнг АҚШ дунёдаги энг кучли иқтисодиётга айланган эди. 1944-1971 йилларда Бреттон-Вудс тизими доирасида дунёдаги кўплаб мамлакатлар олтинни АҚШ долларига алмаштириб, олтинларини АҚШга юборишган. 1 унция олтин 35 долларга тенг бўлган бу тизим АҚШнинг олтин захираси марказига айланишига асос бўлди.

Европа мамлакатлари Маршалл режаси орқали АҚШдан иқтисодий ёрдам олган ва ўз активлари, жумладан олтинларини АҚШ молиявий тизимида жойлаштирган.

Шунингдек, «совуқ уруш» давридаги таҳдидлар ҳам муҳим роль ўйнаган. Совет Иттифоқи томонидан юз бериши мумкин бўлган ҳарбий таҳдидлар туфайли Германия, Италия, Франция каби давлатлар ўз олтинларини АҚШда, яъни хавфсизроқ юрисдикцияда сақлашга қарор қилган.

Иккинчидан, Америка молиявий тизими ва инфратузилмасига бўлган ишонч. Нью-Йоркдаги Федерал захира банкининг хавфсизлиги, логистикаси ва ҳисоб-китоб тизими бу омборни эталон даражасига олиб чиққан. Олтинни айнан АҚШда сақлаш халқаро молиявий операцияларда иштирок этишни анча енгиллаштиради. Масалан, Нью-Йоркдаги турли хазиналар ўртасида олтинни физик кўчириш ўрнига, фақатгина ҳисоблар ўртасида ўтказиш етарли бўлади. Айнан шундай механизм банкчилик тизими пайдо бўлишига асос бўлган.

Учинчидан, Америка билан геосиёсий иттифоқ. Олтин захираларини АҚШда сақлаш – НАТОдош иттифоқчига ишонч белгиси, ёки дунёдаги асосий валюталик тизимдаги стратегик “ҳозирлик” сифатида қаралади. Бу захиралар ҳажмий валюта қарзлар ёки музокаралар пайтида “глобал актив” сифатида ишлатилиши мумкин.

Тўртинчидан, АҚШ ишончли, барқарор ва нисбатан нейтрал юрисдикция сифатида кўрилади. Аммо бу ишонч сўнгги йилларда, айниқса 2016 йилдан кейин, аста-секин пасайиб бормоқда.

Бешинчидан, АҚШда олтин сақлаш нархи жуда паст. Хорижий давлатлар Нью-Йоркдаги Федерал захира банкидаги олтинларини сақлаш учун йиллик кам миқдорда комиссия тўлайдилар: тахминан $1,75–2,50 ҳар бир 12,4 кг лик слиток учун. Масалан, 1000 тонна (80 645 слиток) олтин учун бу йиллик $140 000–$200 000 ни ташкил этади. Бу миллиардлаб долларлик захиралар учун символик тўловдир. Масалан, агар мамлакат 50 миллиард долларлик олтин сақласа, ва $150 000 тўласа – бу захиранинг атиги 0,0003% ни ташкил этади.

золото
Фото: Ағибай Аяпбергенов / Kazinform

АҚШ бу хизмат орқали даромад олишни мақсад қилмайди – бу доллар тизимига бўлган ишончни мустаҳкамлаш воситаси. Бу “юмшоқ куч” инструментидир: қанча кўп давлатлар олтинларини АҚШда сақласа, улар АҚШ молиявий тизимига шунча кучлироқ боғланади.

Олтин захираларини ватанга қайтариш тенденцияси

Шу билан бирга, айрим хорижий мамлакатлар ўз олтинларини АҚШдан чиқариб кетиш ҳаракатига тушган. Бу бир нечта омиллар билан боғлиқ:

  • АҚШдаги сиёсий барқарорликка ишончсизлик, айниқса Дональд Трампнинг Федерал захира тизимига аралашуви контекстида;
  • активларни музлатиш хавфи (Венесуэла ва Россия мисолида кузатилган);
  • “монетар суверенитет” учун уриниш – яъни физик олтинни ўз юртида сақлашга интилиш.

Германия ўз олтин захираларини АҚШдан қайтариш имкониятларини кўриб чиқмоқда. Йиллар давомида Германия олтини Нью-Йорк ва Парижда сақланган. Аммо Трампнинг ташқи иқтисодий сиёсатда кескин чоралар қўллаши, хусусан жавоб тарифи ва савдо урушлари бошланиши, дунё мамлакатлари учун прогнозлар қилишни қийинлаштирди.

2013 йилдан Германия Марказий банки хориждан олтинни қайтариш операциясини бошлаган. 2020 йилга келиб ФЗБ Нью-Йоркдан 300 тонна ва Париждан 374 тонна олтин Франкфуртга қайтарилган. Ҳозирда Берлин яна 1200 тонна олтинни қайтариш устида иш олиб бормоқда.

Италия ҳам шунга ўхшаш қарор қабул қилди. Бу давлатнинг 43% олтин захиралари АҚШда сақланган.

Охирги 5 йил ичида (2019–2024) бир неча давлатлар ўз олтинларини хориждан, жумладан АҚШдан ҳам олиб кетди:

золото
Фото: Kazinform

Польша – 2019 йилда АҚШ ва Буюк Британиядан 100 тонна олтинни қайтарди;

Ҳиндистон – 2024 йил май ойида Лондон ва Нью-Йоркдаги омборлардан 100 тонна олтинни қайтарди. Бу санкциялар ва активларни музлатиш хавфи билан боғлиқ;

Руминия – 2019-2021 йиллар оралиғида 60 тонна олтинни қайтарган;

Нидерландия – 2019 йилда ФЗБ Нью-Йоркдан тахминан 122,5 тонна олтинни олган;

Австрия – 2015 йилда Буюк Британия ва АҚШдан тахминан 140 тонна олтинни репатриация қилишни эълон қилган.

Давлатларнинг ўз олтинларини ватанга қайтариш ҳаракати АҚШдаги сиёсий таваккалчиликлар, молиявий мустақилликка интилиш ва дунёдаги геосиёсий тарангликлар билан боғлиқ. Бу тенденция АҚШда олтин сақлашга бўлган ишонч синов остида эканини кўрсатади ва келгусида ҳам хорижий мамлакатлар кун тартибидан тушмаслиги мумкин.

Сўнгги хабарлар