NASA 2030 йил Марсга астронавт юборишни мўлжалламоқда
АҚШ Миллий аэронавтика ва фазони тадқиқ қилиш бошқармаси (NASA) 2030 йиллар бошида Марсга миссия жўнатиш режасини тасдиқлади. Лойиҳа Ойда космик база қуришни ҳам ўз ичига олади.

NASA маъмурияти раҳбари вазифасини бажарувчи Шон Даффи маълум қилишича, миссия “иккинчи фазовий пойга”нинг асосий босқичи ҳисобланади. Бу жараёнда Қўшма Штатлар Марсни тадқиқ қилиш бўйича бошқа давлатлар, жумладан Хитойни ортда қолдиришга интилади, деб ёзган “News.am” нашри.
Парвоз 2033 ёки 2035 йил, ҳар 26 ойда бир кузатиладиган Ер ва Марснинг орбитал траекторияси энг қулай ҳолат касб этадиган вақтга режалаштирилган. Қизил сайёрага саёҳат тахминан 6-8 ой давом этиши, миссиянинг умумий давомийлиги тахминан 2 йилни ташкил қилиши, астронавтлар Марс сатҳида 500 кунгача бўлиши кутиляпти.
NASA жамоаси илмий изланиш орқали Марс геологиясини ўрганиш, ушбу сайёрадаги ҳаёт аломатларини излаш ва келажакдаги узоқ муддатли миссияларга тайёргарлик кўриш мақсадини кўзлаган.
Экипажни манзилга етказиш учун энг кучли “Space Launch System” (SLS) ракетаси ва Орион фазо кемаси танланди. Коинотда узоқ вақт қолиш учун “Deep Space Habitat” модулидан фойдаланиш имконияти ҳам кўриб чиқиляпти. Роботлаштирилган миссия ёрдамида олдиндан астронавтларни ёнилғи, озиқ-овқат ва жиҳозлар билан таъминлайдиган воситалар – 25 тоннага яқин ускуна, жумладан ровер ва қўниш қурилмаси жўнатилади. Фазовий нурланишдан ҳимоя қилиш ҳам асосий вазифалардан бири сифатида белгиланган.
NASA айни пайт Халқаро коинот станциясида янги экранлаш технологиясини синовдан ўтказяпти. 2026 йил Ойни тадқиқ қилиш дастури – “Артемида” ишга туширилади.
Қизил сайёрага миссия – орбитал парвоз ва қўниш тахминан 17 миллиард долларга тушиши фараз қилиняпти. АҚШнинг асосий рақобатчиси – Хитой ҳам 2030-йилларда Марсга бошқариладиган миссия жўнатишни режалаштирган.
Илон Маскнинг “SpaceX” компанияси, шунингдек “Starship” ракетаси ёрдамида одамларни эртароқ, яъни 2020-йиллар охиридаёқ Марсга учиришни мўлжаллаяпти. Аввалроқ “SpaceX” NASA билан ҳамкорлик қилаётгани ҳақида хабар берилган эди.