Мурожаатнома: Миллий жамғармадан юқори технологияли тармоқларга 1 миллиард доллар сармоя киритилади
ASTANA. Кazinform – Миллий жамғарма иқтисодиётнинг юқори технологияли тармоқларига 1 миллиард долларгача сармоя киритади. Бу ҳақда Ҳукумат йиғилишида Қозоғистон Республикаси Бош вазир ўринбосари – Миллий иқтисодиёт вазири Серик Жуманғарин маълум қилди.
— Инвестиция сиёсати ва молия секторини ривожлантириш блоки доирасида истиқболли тармоқлар ва меҳнат унумдорлиги салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда инвестицияларни жалб этиш тизимини модернизация қилиш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилади. Инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида Бош прокуратура ҳузуридаги Активларни қайтариш қўмитаси Инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси этиб қайта ташкил этилади. “Банклар тўғрисида”ги қонун қабул қилинади. Унинг асосий вазифаси бозорга янги иштирокчиларни жалб қилиш ва банкларнинг эркин ликвидлигининг муомалага, хусусан, иқтисодиётнинг реал секторига йўналтирилишини таъминлашдан иборат, – деди Бош вазир ўринбосари.
Унинг қайд этишича, Миллий жамғарма томонидан иқтисодиётнинг юқори технологияли тармоқларига 1 миллиард долларгача сармоя киритилади. Бунинг учун Миллий банк тегишли дастур ишлаб чиқади.
– “Алатау шаҳрининг алоҳида мақоми тўғрисида”ги қонун доирасида Alatau cityда алоҳида бошқарув режими орқали янги тадбиркорлик фаоллиги ва инновация маркази ташкил этилади. Шаҳар ўзига хос молиявий моделга эга бўлади. Бу крипто-активлар ёрдамида тўловларни амалга ошириш имкониятига эга крипто-фиат каналларини жорий этиш орқали амалга оширилади, – деди Серик Жуманғарин.
Эслатиб ўтамиз, Рақамли активлар давлат жамғармаси ташкил этилади.