Мухтор Авезов - оламшумул адиб

Бугун қозоқ адабиётининг буюк намояндаси Мухтор Авезов таваллудига 126 йил тўлди, деб хабар беради Kazinform.

Мухтор Авезов
Фото: очиқ манбалардан олинган

Мухтор Авезов (28.9. 1897, ҳозирги Абай вилояти Абай тумани — 27.6.1961, Москва) — қозоқ ёзувчиси, олим. Қозоғистон ФА академиги (1946), филолология фанлари доктори (1952), Козоғистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1957). Семейдаги мадрасада ҳамда ўша ердаги 5 синфли рус мактабида ўқиган, сўнг ўқитувчилар семинариясини тамомлаган (1917). Абай овулида саҳналаштирилган (1917) «Енглик — Кебек» драмаси билан қозоқ драматургиясига асос солди. Тўнғич қозоқ театри (ҳозир Авезов номида) — Қозоғистон давлат академик драма театри ҳам 1926 йили 13 январда шу пьесани саҳналаштириб очилган. Авезовнинг драматик асарлари қозоқ драматургиясининг ривожланишига катта ҳисса бўлиб қўшилди.

ХХ асрнинг 20-йилларида Мухтор Авезовнинг драматик асарлари ўзбек, қирғиз, туркман ва қорақалпоқ ўлкаларида ҳам кенг намойиш этилади. Масалан, 1928 йили адибнинг “Қоракўз” номли драматик асари Тошкентда, “Кундошлар”, “Оғир замон” каби драмалари Қорақалпоғистонда саҳналаштирилган.

М. Авезов 20-йилларда Тошкентда яшади ва Ўрта Осиё давлат университети аспирантурасида ўқиди (1928).

1920—30 йилларда Тошкентдаги қозоқ нашриётида адабий-бадиий, ижтимоий-сиёсий «Чўлпон» журнали билан бир неча адабий тўплам нашр этилган. Авезов 1922 — 23 йилларда Тошкентдалик вақтида «Кундошлар» пьесаси, ҳикоялари, «Асов тулпорлар ҳақида» (1922), «Қозоқ қаламкашларига очиқ хат» (1922) мақолалари шу журналда босилди. Авезовнинг «Абай», «Абай йўли» эпопеяси қозоқ халқи ҳаётига бағишланган бўлиб, у ўз даврида юксак баҳога сазовор бўлди. Асарда қозоқ халқининг XIX асрдаги оғир, зиддиятларга тўла ҳаёти бадиий акс эттирилган. Ўша даврдаги қозоқ даштини қамраб олган нодонлик ва жоҳиллик тўсиқларини енгган Абайнинг ўз халқи асл фарзанди, мутафаккир, инсонпарвар шоир даражасига кўтарила олиши асарда моҳирлик билан тасвирланган. «Абай йўли» эпопеяси жаҳоннинг 100 дан зиёд тилига таржима қилинган. Жанубий Қозоғистон чорвадорлари ҳаётига бағишланган «Равнақ» романи вафотидан сўнг босилиб чиқди (1962).

Авезов ижодий, илмий ишлар билан бирга, 30 йилдан ортиқ (1928—61) Алмати педагогика институти, Қозоғистон ва Москва давлат университетларида педагоглик фаолиятини қўшиб олиб борди.

Авезов туркий халқлар адабиёти тарихини теран тадқиқ этувчи кўплаб мақолалар яратди. Узоқ йиллар давомида туркий халқлар оғзаки ижоди намуналарини, хусусан халқ достонларини кенг тарғиб қилди. «Эр Тарғин», «Алпомиш», «Манас» достонларини тадкиқ этди.

Мухтор Авезов ўз даврида иттифоқнинг юксак мукофотларига сазовор бўлган. Адибнинг тўрт жилддан иборат машҳур “Абай йўли” романи нафақат шарқ, балки бутун мусулмон халқлари адабиётида жаҳон миқёсида эътироф этилган илк романдир. Мазкур роман жуда кўп халқларнинг миллий насри тараққиётига улкан таъсир кўрсатган.

Сўнгги хабарлар