Мўғулистон ва Хитой ўртасида иккинчи темир йўл қурилиши бошланди
ASTANA. Kazinform – Мўғулистон ва Хитой ўртасида иккинчи трансчегаравий темир йўл линияси қурилиши 14 май куни бошланди.

Синьхуа ахборот агентлиги хабарига кўра, Хитой ва Мўғулистон ўртасидаги иккинчи темир йўлга пойдевор қўйиш маросими чоршанба куни Ички Мўғулистон автоном районининг Баяннуур шаҳридаги Ганцимодо чегара пунктида бўлиб ўтди.
Бу - 1956 йилда Эрээнход-Заминууд темир йўли фойдаланишга топширилгандан бери, қарийб 70 йил ичида, Хитой ва Мўғулистон ўртасида қурилиши бошланган иккинчи трансчегаравий темир йўл линиясидир.
Темир йўл Хитойнинг Ганцимодо чегара пости орқали Мўғулистонга ўтиб, сўнгра мамлакатнинг Жанубий Гоби минтақасидаги Гашуунсухайт станциясига етиб боради. Лойиҳанинг Хитой қисмининг қурилиши 2027 йилда якунланиши режалаштирилган.
Агентлик маълумотларига кўра, ушбу лойиҳа Хитойнинг Ганцимодо-Цюаньнань темир йўли ва Мўғулистоннинг жанубий темир йўлини боғлаб, икки давлат ўртасидаги инфратузилма алоқаси ва савдо-иқтисодий ҳамкорликка туртки беради.
Бундан ташқари, Хитой ва Мўғулистон ўртасидаги трансчегаравий логистика ва чегара саноат зоналари ва трансчегаравий савдо хизматларини ривожлантиришга йўл очади.
Эслатиб ўтамиз, аввал Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли қурилиши бошлангани ҳақида хабар берган эдик.