Москвадан сайёҳлик-маърифий экспедиция Қизилўрдага етиб келди
QYZYLORDA. Kazinform – Марказий Осиё давлатлари ва Россиядан келган 100 дан ортиқ сайёҳлар Қизилўрдага қадам қўйди.

“Евросиё юрагига саёҳат – 2025” ноёб сайёҳлик-маърифий экспедицияси июнь ойи бошида Москвадан жўнаб кетди.
Бу ҳақда Қизилўрда вилояти жисмоний тарбия, спорт ва туризм бошқармаси хабар берди.
Ўшандан буён экспедиция аъзолари кўп асрлик тарихга эга шаҳарларни зиёрат қилиш, уларнинг урф-одатлари ва маданияти билан яқиндан танишишга муваффақ бўлди. Мақсад – Марказий Осиё давлатлари ва Россия ўртасидаги бизнес, гуманитар ва илмий алоқаларни мустаҳкамлаш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш.

“Меҳмонлар саёҳати давомида Оролбўйида, Балиқчилар хиёбонида бўлди, Орол денгизи ҳақида қимматли маълумотларга эга бўлди. Кейин улар XIX аср рус архитектураси услубида қурилган Балиқчилар музейига ташриф буюришди. Бу ерда “Балиқчилар” зали, “Кемалар” зали, очиқ осмон остидаги музей кўргазмаси ташкил этилган. Музей коллекциясидаги қимматбаҳо ашёлар билан танишган меҳмонлар, айниқса, катта таассурот олди ва денгиз тарихини қизиқиш билан тинглади. Экспедиция ҳудуддаги ноёб дам олиш маскани ҳисобланган Шижаға қишлоғи ва “Қамбаш” кўлидаги қумтепалар бўйлаб давом этди”, – дейилади хабарда.
Дастурга кўра, энди улар Бойқўнғир шаҳри, Қармақши туманидаги Қўрқит ота ёдгорлик мажмуаси ҳамда Қизилўрда шаҳридаги бир қанча маданият ва спорт иншоотларига ташриф буюришади.
