Москва князлиги Жўжи улуси туфайли ташкил этилган - тарихчи
ALMATY. Кazinform — Тарих фанлари номзоди, профессор, Абай номидаги ҚазМПУ қадимги ва ўрта асрлар тарихи кафедраси мудири Нурлан Атиғаев Жўжи улуси тарихига оид янги маълумотлар билан ўртоқлашди.

Бу йил Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев ташаббуси билан мамлакатда Жўжи улусининг 800 йиллиги кенг нишонланмоқда.
— Жўжи - Чингизхоннинг тўнғич ўғли. Чингизхон империясининг барпо этилишига катта ҳисса қўшган шахс. У Хитойга, Ғарбий Дашти Қипчоқ, Хоразмшоҳлар давлатига юришларда қатнашиб, ўзини машҳур саркарда, кучли стратег сифатида кўрсатди. Шу боис Чингизхон уни ўзининг вориси деб ҳисоблаб, катта ҳудуд берган деган фикр бор. Кейинги манбаларда Жўжи улуси Олтин Ўрда номи билан машҳур бўлган, - дейди у.
Нурлан Атиғаев Жўжи улусининг тарихда тутган ўрни кенг эканлигини айтиб, унинг Москва князлигининг ташкил топишида бевосита иштирок этганини таъкидлади.
— Жўжи улуси Иртиш ва Дунай оралиғидаги халқларни бирлаштирди. Ана шу Олтин Ўрда таркибида этник гуруҳлар бирлашиб, бугунги халқларнинг шаклланишига олиб келди. Олтин Ўрда бўлинганда Қозоқ хонлиги ташкил топди. Шунинг учун биз Жўжи улусининг ворислариданмиз. Ундан ташқари Қозон, Қрим, Астрахан, Сибир хонликлари пайдо бўлди. Шунингдек, бугунги Россиянинг илдизи ҳисобланган Москва князлиги ҳам Жўжи улуси туфайли ташкил этилган. Шундай экан, Олтин Ўрданинг тарихдаги ўрни жуда кенг ва муҳим, - дейишимиз мумкин.
Жўжи ташкил этган улус Менгу даврида ўз мустақиллигини эълон қилди, ўз пулларини зарб қилди ва мустақил иқтисодий сиёсат юрита бошлади. Олтин Ўрда Евросиёнинг бутун марказини эгаллаганлиги сабабли у Ғарб ва Шарқни иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан боғлади. Шарқий Европада айрим давлатларнинг вужудга келишига бевосита таъсир кўрсатди, - дейди тарихчи.
Шунингдек, бу мавзу ҳали ҳам ўрганишга муҳтожлигини, ўрта асрлар тарихини ўрганувчи мутахассислар камлигини айтди.
— Олтин Ўрда тарихи бир неча асрлар давомида ўрганилган. Бу ерда асосий муаммо маълумотларнинг етишмаслиги ва уларнинг аксарияти араб, форс ва хитой тилларида ёзилган. Шу нуқтаи назардан қараганда, Қозоғистонда катта ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, “Маданий мерос”, “Архив 2025” давлат дастурлари доирасида Қозоғистон тарихига оид қимматли маълумотлар, жумладан, Жўжи улусига оид қимматли маълумотлар тўпланиб, таржима қилинмоқда. Бироқ, тан олишимиз керакки, биз ҳали ҳам россиялик ҳамкасбларимиздан бироз орқадамиз. Чунки бизда ўрта асрлар тарихи билан шуғулланувчи мутахассислар кам. Бундай тадқиқот билан шуғулланувчилар араб ва бошқа тиллардаги манбаларни ўқиб, таржима қила олиши керак, - деди Нурлан Атиғаев.