Маулен Ашимбаев: Бейбарсдек инсоннинг ҳаёти тарих фани учун жуда муҳим
Конференция давомида Сенат спикери Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг Миср раҳбарияти ва халқига машҳур турк ҳукмдори шахси ва ҳаётига бағишланган кенг кўламли йиғилиш ўтказгани учун миннатдорлик ва самимий саломини етказди. Шунингдек, Маулен Ашимбаев Қозоғистон ва Мисрнинг муштарак тарихий-маданий меросини янада ўрганиш ва улуғлаш мақсадида бундай илмий анжуманларни ўтказиш муҳимлигини таъкидлади.
«Ал-Азҳар дунёдаги энг қадимий ва ноёб олий таълим муассасаси бўлиб, бугунги кунгача узлуксиз фаолият юритиб келяпти. Бу нафақат мусулмон олами, балки умумжаҳон тафаккурини ҳам беқиёс бойитган, инсоният тараққиётини олға сурган билимлар уйи. Тарихдан маълумки, Бейбарс Султон ўз даврида университетни капитал таъмирлаб, унга иккинчи ҳаёт бахш этган. Шу боис Бейбарснинг 800 йиллигига бағишланган анжуманни Ал-Азҳарда ўтказишни жуда ўринли деб биламиз», – деди Маулен Ашимбаев.
Шунингдек, у қозоқ чўлида туғилиб, Миср Султони бўлган Бейбарс туркий ва араб халқлари учун умумий бўлган тарихий шахс эканлигини айтди. Шу боис машҳур саркарданинг ҳаёт йўлини ўрганиш, шубҳасиз, жаҳон илм-фани учун долзарб ва ўта муҳим масала эканини маълум қилди.
«Тарихий ва маданий алоқаларимиз чуқур илдизларга эга. Бейбарс Султон шахси бунга яққол далил. У қозоқ чўлида туғилиб ўсган, араб юртларида машҳур раҳбар бўлган. Бейбарсдек инсоннинг умри тарих фани учун жуда муҳим эканлиги шубҳасиз. Шунинг учун биз унинг илмий-тадқиқот ва тарғибот ишларини давом эттиришни жуда муҳим деб ҳисоблаймиз», – деди Маулен Ашимбаев. Шунингдек, у Қозоғистон бу йўналишда ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканини таъкидлади.
Палата раиси муштарак тарих икки давлат ўртасидаги алоқаларни янада оширишини таъкидлаб, Қозоғистон ва Миср ўртасидаги маданий-гуманитар алоқалар келажакда янада мустаҳкамланишига ишонч билдирди.
Бундан ташқари, Маулен Ашимбаев Қозоғистоннинг Мисрдаги маданият кунларига бағишланган тадбирда иштирок этди. Хусусан, Қоҳирадаги «Cairo Opera House» опера театрида қозоқ санъати юлдузлари иштирокида гала-концерт бўлиб ўтди. Унда «Астана опера» театри солистлари, Қурманғази номидаги Қозоғистон миллий халқ чолғу асбоблари оркестри артистлари, «Салтанат» давлат рақс ансамбли раққосалари ва бошқа санъаткорлар чиқиш қилди. Кеча давомида қозоқ композиторларининг таниқли асарлари ижро этилди.
Бундан ташқари, мамлакат маданияти кунлари доирасида қозоқ халқининг анъаналари ва санъатини тараннум этувчи ҳунармандлар кўргазмаси ташкил этилди.