Марказий Осиёнинг таъсири доирадан чиқиб, бутун Евроосиё ва дунёни қамраб олади – эксперт
ASTANА. Кazinform - Хитой АҚШ ва Марказий Осиё давлатларининг ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш истагини ҳурмат қилади. ХХР Давлат кенгаши илмий тадқиқот маркази Европа ва Осиё ижтимоий тараққиёт институти директори Ли Юнчуань Jibek Joly телеканалидаги «New Time» мухбири билан суҳбатда шундай фикр билдирди. Унинг сўзларига кўра, Марказий Осиё билан ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдор бўлган йирик давлатлар минтақадаги хавфсизлик масалалари нозиклигини тушуниши керак.
— Жаноб Ли Юнчуань, Хитойнинг Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлиги кейинги йилларда чуқурлашганини кўриб турибмиз. Сизнингча, “Хитой – Марказий Осиё” саммитлари механизми минтақавий ҳамкорликнинг келажагига, айниқса, ҳозирги геосиёсий ўзгаришларга таъсир қиладими?
— Саволингиз учун раҳмат. Марказий Осиё Хитойга туташ минтақа ва унинг барқарорлиги биз учун жуда муҳим. Минтақада барқарорлик бўлса, у ривожланаётган бўлса, ўзаро ҳамкорлигимиз учун қулай шарт-шароит яратади. Аммо минтақада беқарорлик ёки хавф бўлса, бу биз учун ҳам муаммога айланади.
Шу боис Хитой Марказий Осиёнинг барқарор ривожланиши, хавфсизлиги ва фаровонлигидан манфаатдор. Марказий Осиё мамлакатлари мустақиллик ва суверенитетга эришгач, муносабатларимиз изчил ривожланди. Минтақанинг айрим давлатлари билан товар айирбошлаш ҳажми ўн баробар ошди.
Бироқ, минтақада бешта алоҳида давлат бўлишига қарамай, бизда ҳамон бутун минтақа сифатида ўзаро муносабатларимизни мувофиқлаштиришнинг самарали механизмлари етишмаяпти. Ўтган йили ҳамкорлигимизни яхшилаш мақсадида “Хитой – Марказий Осиё” механизмини жорий қилдик.
Менимча, механизм эндигина шакллана бошлаган бўлса-да, унинг салоҳияти аллақачон аниқ. Бу ҳамкорлик туфайли Қозоғистон, масалан, Хитой ва Европа, шунингдек, Хитой ва дунёнинг бошқа қисмлари ўртасида муҳим кўприк ёки йўлакка айланиб бормоқда. Агар биз ушбу механизмни самарали ишлаб чиқишда давом этсак, бу кўп йиллар давомида барча иштирокчиларга фойда келтиради.
— Дарҳақиқат, Хитой Қозоғистон ва бутун минтақанинг асосий савдо шерикларидан биридир. Сизнингча, бизда энергетикадан ташқари бошқа соҳаларда ҳам ҳамкорликни ривожлантириш учун катта салоҳият борми?
— Қозоғистон ва Хитой ўртасидаги энергетика соҳасидаги ҳамкорлик айни пайтда жуда муваффақиятлидир. Бироқ Қозоғистон иқтисодиётнинг бошқа соҳаларини ривожлантиришдан манфаатдор ва катта имкониятларга эга. Энергетикадан бошқа соҳаларда ҳам сезиларли натижаларга эришдик.
Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин 2013 йилда Қозоғистонда “Бир макон, бир йўл” ташаббусини илгари сурганидан бери энергетикадан ташқари турли соҳаларда ҳам 50 дан ортиқ лойиҳа имзоланган. Улардан баъзилари аллақачон амалга оширилмоқда. Бу ҳар икки томон ҳам ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва кенг қамровли ишлаб чиқариш занжири барпо этиш тарафдори эканини кўрсатади.
— Биз биламизки, Хитой Марказий Осиёдаги йирик глобал ўйинчи ва ҳамкор ҳисобланади. Минтақада хавфсизликни таъминлаш учун қандай фаол чоралар кўрилмоқда? Энди бу савол ҳар қачонгидан ҳам долзарброқ.
— Юқорида айтиб ўтганимдек, Марказий Осиё хавфсизлиги Хитой учун асосий устувор йўналишлардан биридир. Минтақада барқарорлик ва хавфсизлик бўлса, ривожланиш учун қулай муҳит яратади. Хитой Марказий Осиёда хавфсизлик масалаларига катта аҳамият беради ва бу муаммоларни ҳал қилиш воситаларидан бири Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) ҳисобланади.
ШҲТ ҳужжатларининг аксарияти минтақадаги хавфсизлик масалаларига бағишланган. Марказий Осиё давлатлари билан биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз туфайли сўнгги 30 йил ичида кўплаб беқарорлаштирувчи омилларга қарамай, минтақадаги вазият нисбатан барқарор бўлди. Бу борада бизда ҳеч қандай келишмовчилик йўқ, фақат умумий манфаатлар ва вазифалар мавжуд ва ишончим комилки, бундай ҳамкорлик давом этади.
— АҚШ Марказий Осиё билан алоқаларини фаол ривожлантирмоқда. Хитой бу ҳамкорликни қандай қабул қилади ва бу Хитойнинг минтақадаги сиёсатига қандай таъсир қилади?
- Бу жуда яхши савол. Марказий Осиё давлатлари кўп векторли ташқи сиёсат юритмоқда. Хитой бундай позицияни ҳурмат қилади, чунки биз ҳам кўп векторли сиёсатга амал қиламиз. Умид қиламанки, Марказий Осиё билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор барча йирик давлатлар, хоҳ Хитой, Россия, АҚШ ёки Европа бўлсин, минтақавий хавфсизлик архитектураси жуда нозик эканлигини тушунади. Бизнинг умумий мақсадимиз минтақанинг барқарор ривожланишига ҳисса қўшишдир, чунки унинг таъсири Марказий Осиёдан ташқарига чиқиб, бутун Евроосиё ва дунёни қамраб олади.
Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари ўз манфаатларини ҳис қилаётгани, ўз позицияларини аниқ тушунаётганига гувоҳ бўлишдан хурсандмиз. Айнан шунинг учун ҳам кўп векторли дипломатия муваффақиятли ва мувозанатли ривожланмоқда. Мен сизнинг дипломатиянгизни шундай тушунаман.