Марказий Осиё раҳбарлари ва Хитой раиси ўзаро боғлиқлик масалаларини муҳокама қилади
ASTANА. Кazinform — Бугун Астана шаҳрида “Марказий Осиё – Хитой” II саммити бўлиб ўтади. Унда минтақадаги бешта давлат раҳбарлари ва Хитой Халқ Республикаси раиси иштирок этади.

Эслатиб ўтамиз, биринчи саммит 2023 йил 19 май куни Хитойнинг Сиань шаҳрида бўлиб ўтган эди.

Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев иштирок этган ўша саммитда Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаб, минтақа ва Хитой ўртасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилган эди.

Саммит якунида давлат раҳбарлари Сиань декларациясини имзоладилар ва қатор ташаббусларни қабул қилдилар.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон Президенти биринчи саммитда минтақа давлатлари раҳбарларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатларини талаб қилувчи ҳамкорликнинг қуйидаги йўналишларини белгилаб берган эди:
— товар айирбошлаш ҳажмини ошириш;
— Марказий Осиё давлатлари Қозоғистон-Хитой чегарасидаги “Қорғас” халқаро савдо маркази салоҳиятидан биргаликда фойдаланиш;
— электрон тижорат соҳасида ўзаро тушунишни ошириш;
— Марказий Осиё давлатларининг йирик электрон савдо майдончаларидан ўз маҳсулотларини Хитой бозорига биргаликда жорий этиш учун кенг фойдаланиш;
— Қозоғистонда очилган янги божхона омборларида ҳамкорлар товарларини сақлаш;
— «С5+Сhina» ягона электрон савдо майдончасини жорий этиш орқали бу ишни мувофиқлаштириш;
— транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантириш;
— саноат соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш. Шу мақсадда Марказий Осиё ва Хитой ўртасида саноат кооперациясини ривожлантириш режасини ишлаб чиқиш;
— энергетика соҳасида, жумладан, нефть-газ секторида алоқаларни ривожлантириш;
— аграр секторда интеграцияни ривожлантириш. Шу мақсадда Марказий Осиё давлатларининг қишлоқ хўжалиги салоҳиятидан самарали фойдаланиш, “Қорғас” халқаро савдо марказида Қўшма озиқ-овқат марказини ташкил этиш;
— трансчегаравий сув ресурсларидан самарали фойдаланиш. Шу мақсадда Хитой билан биргаликда сув хўжалиги соҳасига янги технологияларни жорий этиш режасини ишлаб чиқиш;
— маданий-маърифий ҳамкорликни, шунингдек, туризмни ривожлантириш. Шу мақсадда “Ипак йўли” туроператорлари рўйхатини шакллантириш, гуруҳли турлар учун визасиз режимни жорий этиш, ягона туризм кластерини яратиш;
— минтақа хавфсизлиги ва барқарорлигини таъминлаш.

Қасим-Жомарт Тоқаевнинг сўзларига кўра, Қозоғистон томонидан кўтарилган ушбу ташаббусларнинг барчаси мамлакатнинг ҳар томонлама ҳамкорлик ва мустаҳкам алоқаларни янада мустаҳкамлашга интилишидан далолат беради. Шунинг учун ҳам самарали ҳамкорликнинг стратегик йўналишини давом эттириш муҳим аҳамиятга эга.
Кеча Астана шаҳрида “Марказий Осиё – Хитой” II саммити олдидан Қозоғистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган қатор тадбирлар бўлиб ўтди. Аниқроқ айтганда, “Марказий Осиё – Хитой: Энергетика” форуми ташкил этилди. Форумда сўзга чиққан ҚР Энергетика вазири Ерлан Ақкенженов ҳозирда Хитой компаниялари иштирокида қайта тикланадиган энергия бўйича 30 та лойиҳа амалга оширилаётганини, уларнинг умумий қуввати 1700 МВт бўлганлигини маълум қилди.

— Бугунги форум ўзаро ҳамкорлигимизда янги саҳифа очмоқда, энергетика, саноат, фан, таълим соҳаларида чуқур ҳамкорлик қилиш учун муҳим платформага айланди, — деди вазир.
“Марказий Осиё – Хитой” II саноат ва сармоявий ҳамкорлик форумида Қозоғистон ва Хитой умумий қиймати қарийб 25 миллиард долларлик 60 га яқин турли шартномалар имзолади.
Тадбирда ҚР Бош вазирининг биринчи ўринбосари Роман Скляр минтақа бозорида Хитой капитали иштирокидаги 10 мингга яқин компания фаолият юритаётганини маълум қилди.

— Биргина Қозоғистонда хитойлик инвесторлар иштирокида умумий қиймати 66 миллиард доллардан ортиқ бўлган 224 та лойиҳа амалга оширилиб, 50 мингга яқин иш ўрни яратилди, — деди ҚР Бош вазири ўринбосари.
Мазкур форумда трансчегаравий уран конида ҳамкорликда қидирув ишларини олиб бориш имконини берувчи шартнома имзоланди.
— Қ.И. Сатбаев номидаги Геология фанлари институти ва Хитой Геология университети, CNNC георазведка корпорацияси ва Xiamen Wanli Stone Co., Ltd ўртасида трансчегаравий руда зоналарини биргаликда тадқиқ қилишга қаратилган доиравий битим имзоланди. Ташаббус доирасида томонлар уран конлари бўлган “Қуйи Или пасттекислиги – Или ҳудуди” камарини атом энергетикаси соҳасида ўрта ва узоқ муддатли ҳамкорлик режасига киритишга интилади, — дейилади «Kazakh Invest» компанияси хабарида.
Шунингдек, бугун “Аҳил қўшничилик ва дўстлик: келажак сари биргаликда қадам ташлаш” мавзусида “Хитой-Марказий Осиё” гуманитар алмашинув форуми ташкил этилди.

Форумда ҚР Давлат маслаҳатчиси Ерлан Қарин Марказий Осиё мамлакатлари салоҳияти ва Хитойнинг кенг иқтисодий имкониятлари уйғунлиги кўп томонлама ҳамкорликка янги ва юқори суръат бағишлаши мумкинлигини алоҳида таъкидлади.
— Шундай қилиб, Марказий Осиё ва Хитойнинг яқинлашуви —нафақат ҳозирги ҳамкорлик масаласи, балки мамлакатларимиз келажаги учун стратегик сармоядир. Ахборот, маданият, янги технологиялар соҳасидаги қўшма лойиҳаларимиз ўзаро манфаатли ҳамкорлигимизни янада мустаҳкамлашига ишончимиз комил, – деди Ерлан Қарин.