Марказий Осиё органик маҳсулотлари Хитой бозорида юқори баҳоланади

ASTANA. Kazinform — Марказий Осиё давлатлари Хитой бозорига органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини фаол ва кенг қамровли экспорт қилмоқда. Бу ҳақда ҚР Бош вазир ўринбосари, Миллий иқтисодиёт вазири Серик Жуманғарин пойтахтда бўлиб ўтаётган “Марказий Осиё – Хитой” ишбилармонлар кенгашининг иккинчи йиғилишида айтиб ўтди.

Орталық Азияның органикалық өнімдері Қытай нарығында жоғары бағаланады — Іскерлік кеңес
Фото: Виктор Федюнин/ Kazinform

““Марказий Осиё - суғориладиган деҳқончиликни ривожлантириш бўйича дунёда асосий минтақа ҳисобланади. Бугунги кунда минтақа давлатлари Хитой бозорига органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини фаол ва мажмуавий тарзда экспорт қилмоқда. Қозоғистондан шубат, Ўзбекистондан гилос, Тожикистондан қуритилган мевалар, Қирғизистондан асал, Туркманистон пахтаси Хитой бозорида тез-тез учраб туради ва истеъмолчилар томонидан юқори баҳоланади”, – деди Серик Жуманғарин тадбиркорлар кенгаши очилишида.

Вазирнинг сўзларига кўра, Марказий Осиё ва Хитой ўртасидаги қишлоқ хўжалиги савдоси йил сайин ортиб бормоқда.

“Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш бўйича қўшма корхоналар ташкил этиш, қишлоқ хўжалиги соҳаси самарадорлигини ошириш мақсадида инновацион, сувни тежовчи технологияларни жорий этишдан манфаатдор хитойлик инвесторлар учун қулай имкониятларни кўрмоқдамиз”, – деди Серик Жуманғарин.

2024 йилда Марказий Осиё минтақаси билан Хитой ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 95 миллиард АҚШ долларига етди ва унинг деярли ярми Қозоғистонга тегишли. Шу тариқа, ўзаро товар айирбошлаш рекорд даражадаги 44 миллиард долларга етди.

Эслатиб ўтамиз, бугун Астана шаҳрида “Марказий Осиё – Хитой” II саммити бўлиб ўтади. Унда минтақадаги 5 та давлат раҳбарлари ва Хитой Халқ Республикаси раиси иштирок этади.

Биринчи саммит 2023 йил 19 май куни Хитойнинг Сиань шаҳрида бўлиб ўтган. Саммит якунида Давлат раҳбарлари Сиань декларациясини имзоладилар ва бир қатор ташаббусларни қабул қилдилар.

Сўнгги хабарлар