Марин Ле Пен ЕИ маблағларини ноқонуний ишлатишда гумон қилинмоқда
ASTANА. Кazinform – Сешанба куни Европа прокуратураси Франциядаги “Миллий жабҳа” партияси етакчилари Марин Ле Пен ва Жордан Барделла ҳамда уларнинг Брюсселдаги ўнг қанот иттифоқчиларига нисбатан тергов бошланганини маълум қилди, дея хабар беради Кazinform мухбири.

— Европа прокуратураси тергов бошлади, — деди орган вакили. Бироқ, ҳозирча, тергов натижаларига хавф туғдирмаслик учун аниқ маълумотлар эълон қилинмаяпти.
Шу йил июль ойи бошида Европанинг бир қатор оммавий ахборот воситалари томонидан эълон қилинган иддаоларга кўра, Франция партияси ва унинг Европа парламентидаги собиқ фракцияси Identity and Democracy (ID) 2019-2024 йиллар давомида 4,3 миллион евродан ортиқ маблағни ноқонуний равишда сарфлаганликда гумон қилинмоқда.
Ўз навбатида “Миллий жабҳа” партияси ҳам бу ҳолатга тезкорлик билан жавоб қайтарди.
— Мен буни Европарламент маъмуриятининг янги таъқиби деб биламан, — деди партия президенти ва Марин Ле Пеннинг ишончли ҳамкори Жордан Барделла матбуот анжуманида.
Марин Ле Пеннинг ўзи бу айбловларни инкор этиб, уларни “сиёсий мақсадли” деб таърифлади.
Марин Ле Пен ва “Миллий жабҳа” партиясига нисбатан дастлабки тергов 2023 йилда Франциянинг Сайлов кампанияси харажатлари ва сиёсий молиялаштириш миллий комиссиясининг сўровидан сўнг бошланган.
Франциянинг ўта ўнг қанот сиёсатчиси Марин Ле Пен билан боғлиқ вазият кескинлашмоқда, чунки у 2027 йилги президентлик сайловлари учун асосий номзодлардан бири саналади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европарламентнинг 15 нафар депутати навбатдаги коррупция тергови доирасида текширилгани ҳақида хабар берган эдик.