Мамлакатнинг технологик ва инновацион ривожланишида йирик бизнес муҳим рол ўйнайди – ҚР Бош вазири
ASTANA. Kazinform – ҚР Бош вазири Олжас Бектенов йирик бизнес вакиллари билан иқтисодиётнинг реал секторини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Қозоғистон Ҳукумати матбуот хизмати хабар берди.
Бош вазир Олжас Бектенов раислигида “Атамекен” миллий тадбиркорлар палатаси ва йирик бизнес вакиллари иштирокида Маҳаллий тадбиркорлар кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Асосий мақсад – Давлат раҳбарининг Қозоғистон халқига “Адолатли Қозоғистон: қонунчилик ва тартиб, иқтисодий ўсиш, ижтимоий некбинлик” номли Мурожаатномасида белгилаб берилган вазифаларни амалга ошириш доирасида тадбиркорликни ривожлантиришнинг долзарб масалаларини муҳокама қилишдан иборат.
Олжас Бектенов давлат томонидан сармоявий жозибадорликни ошириш, мамлакат саноат салоҳиятини очиш, инфратузилма муаммоларини ҳал этиш, иқтисодиётнинг реал секторини ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Ўз навбатида, йирик бизнес мамлакатнинг технологик ва инновацион ривожланишида муҳим ўрин тутади, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш имконини беради.
Муҳокама чоғида энергетика, қайта ишлаш, саноат, нефть-газ сектори, кон-металлургия комплекси, агросаноат комплекси, транспорт ва молия сектори, соғлиқни сақлаш, ахборот технологиялари, туризм соҳалари вакиллари ўз таклифларини билдирдилар. Металлни чуқур қайта ишлаш, нефть-газ кимёси ва бошқа устувор йўналишларда янги лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратилиб, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш масалалари кўтарилди.
Ички қийматни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Ҳукумат “Атамекен” МТП билан биргаликда товарлар, ишлар ва хизматларда Қозоғистон таркибининг улушини аниқлашнинг янги методологиясини ишлаб чиқиш устида ишламоқда. Олжас Бектенов янги механизм янада адолатли бўлиб, мамлакат корхоналари ривожига сезиларли туртки беришини таъкидлади. Тегишли тузилмаларга амалга оширилаётган ишларни жадаллаштириш бўйича топшириқлар берилди.
Сунъий интеллект тизимларидан фойдаланишни кенгайтириш ва рақамли технологияларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Туризм, уй-жой коммунал хўжалигини ривожлантириш, экологик тоза, энергия тежовчи ва кам углеродли лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган “яшил” молиялаштириш муҳимлиги таъкидланди.
Муҳокама чоғида мамлакатни барқарор энергия билан таъминлаш масаласига эътибор қаратилди. Тадбиркорлар вакиллари Давлат раҳбарининг атом энергетикасини ривожлантириш бўйича ташаббусини қўллаб-қувватлаб, энергия тақчиллиги шароитида саноатни янада ривожлантириш, янги қувватларни ишга тушириш учун барқарор ва ишончли энергиянинг янги манбаи зарурлигини таъкидладилар. Шу тариқа, жорий йил 6 октябрь куни бўлиб ўтадиган референдумда атом электр станциясини қуриш бўйича ижобий қарор қабул қилинса, мамлакатда жорий ва истиқболдаги саноат тармоқларининг энергияга бўлган эҳтиёжини қоплаш, янги иш ўринлари яратиш ва кўплаб имкониятлар бўлади.