Мамлакатимиз туркиялик инвесторларни ишончли ҳамкор сифатида қўллаб-қувватлашга доимо тайёр — Президент
ASTANА. Кazinform — Бу ҳақда Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон-Туркия Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг 5-йиғилишида маълум қилди.

Қасим-Жомарт Тоқаевнинг сўзларига кўра, Қозоғистоннинг сармоявий жозибадорлигини ошириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар хорижлик тадбиркорлар учун кенг имкониятлар яратмоқда.
Бундан ташқари, Кенгаш йиғилишида икки давлат делегациялари энергетика соҳасидаги ҳамкорлик масаласини муҳокама қилди. Боку-Тбилиси-Жайҳон нефть қувури орқали экспорт ҳажмини ошириш масаласи муҳокама қилинди.
Давлат раҳбари Туркия компанияларини энергия тақчиллигини бартараф этишга қаратилган лойиҳаларда иштирок этишга таклиф қилди. У “ҚазМунайГаз” ва Turkiye Petroleum ўртасидаги ҳамкорлик айниқса самарали бўлишига ишонч билдирди.
Қасим-Жомарт Тоқаев янги Солиқ кодексида хомашёни чуқур қайта ишлашни рағбатлантирувчи роялти режими, яъни алоҳида имкониятлар назарда тутилганини таъкидлади. Туркиялик сармоядорлар қўшма фонд яратиш орқали тоғ-кон саноати ва табиий ресурсларни ривожлантириш билан боғлиқ инновацион лойиҳаларни амалга оширишга таклиф этилади.
Икки мамлакат ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик катта истиқболга эга. Қозоғистонда етиштириладиган ғалланинг чорак қисми, пахтанинг учдан бир қисми ва клейковинанинг 26 фоизи Туркияга экспорт қилинади. Туркиялик тадбиркорлар иштирокида мамлакатда қишлоқ хўжалигида жами 1,3 миллиард долларлик 23 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилади. Уларнинг 18 таси ишга туширилиб, маҳсулотлари халқаро бозорга олиб чиқилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қасим-Жомарт Тоқаев ва Режеп Таййип Эрдоған Қозоғистон-Туркия Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг 5-йиғилишини ўтказганлиги ҳақида хабар берган эдик.