Макрон нима учун Қозоғистонга келяпти

Макрон нима учун Қозоғистонга келади
Фото: Kazinform

ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг таклифига биноан 1 ноябрь куни Франция президенти Эммануэль Макрон Қозоғистонга амалий ташриф билан келади. Ташриф доирасида икки давлат раҳбарлари савдо-иқтисодий, сармоявий ва энергетика соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, халқаро ва минтақавий кун тартибидаги масалаларни муҳокама қилишлари режалаштирилган. Давлат раҳбарларининг учрашувидан сўнг икки давлат ўртасидаги муносабатлар қай йўналишда ривожланиши мумкинлиги ва бошқа долзарб масалалар ҳақида Kazinform экспетнинг материалида ўқишингиз мумкин.

Стратегик ҳамкорлик

Франция Қозоғистоннинг муҳим стратегик, савдо-иқтисодий ва сиёсий ҳамкоридир. Франциянинг Марказий Осиё билан савдо айланмасининг 90% Қозоғистонга тегишли.

Франция Ғарбий Европада жойлашган давлатдир. Умумий майдони 672 051 квадрат километр, аҳолиси 68 миллион кишидан ошади. Бу мамлакат иқтисодиёти бўйича Европа Иттифоқида иккинчи, дунёда эса олтинчи ўринда туради. Аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот – 43,6 минг доллар, ўсиш суръати – 6,8 фоиз.

Қозоғистон ва Франция ўртасида дипломатик муносабатлар 1992 йил 25 январда ўрнатилган. Шу 31 йил ичида Франция президентлари Қозоғистонга уч марта – 1993 йилда Франсуа Миттеран, 2009 йилда Николя Саркози ва 2014 йилда Франсуа Олланд ташриф буюрган.

2022йил ноябрь ойида Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Эммануэль Макрон таклифига биноан Францияга расмий ташриф билан борди. Ташриф доирасида икки давлат раҳбарлари савдо-иқтисодий муносабатларни мустаҳкамлаш юзасидан музокаралар олиб борди, Марказий Осиё минтақаси ва халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашди. Шунингдек, Қасим-Жомарт Тоқаев Франция ишбилармонлик муҳити вакиллари билан бир қатор учрашувлар ўтказди ва унда энергетика, транспорт ва бошқа соҳаларга оид қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Давлат раҳбари ўтган йилги ташриф якунида Франция Президентини Қозоғистонга ташриф буюришга таклиф қилган эди. Шундай қилиб, 2023 йил 1 ноябрь куни Эммануэль Макрон амалий ташриф билан Қозоғистонга келади. Ушбу ташриф олдидан Ақорда матбуот хизмати “икки давлат раҳбарлари савдо-иқтисодий, сармоявий ва энергетика соҳаларида ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича музокаралар ўтказиши, шунингдек, халқаро ва минтақавий кун тартибидаги масалаларни муҳокама қилишлари” ҳақида маълумот берган эди.

Франция Қозоғистоннинг ТОП-5 сармоявий ҳамкорлари қаторига киради

Қозоғистон ва Франция ўртасида икки давлат ўртасидаги муносабатлар ривожига янги суръат бағишлаган иккита шартнома – 1992 йил 23 сентябрда имзоланган Дўстлик, ўзаро англашув ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома ва 2008 йил 11 июнда имзоланган Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома имзоланди. Бу келишувлар ўз самарасини берди. Бугунги кунда Франция Қозоғистоннинг етакчи бешта савдо ва сармоявий ҳамкорларидан бири ҳисобланади.

2022 йил якунларига кўра, мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 4 миллиард долларни ташкил этди. 2023 йилнинг дастлабки 6 ойида Қозоғистон қиймати 1,4 миллиард доллар – 2,2 миллион тонна (2022 йилга нисбатан +10 фоиз) маҳсулот экспорт қилди. Экспортнинг асосий қисми – 1,3 миллиард доллар – хом нефть ва нефть маҳсулотлари. Импортга келсак, бу даврда Қозоғистон қиймати 675,4 миллион доллар – 33,4 минг тонна маҳсулот сотиб олди.

2023 йилнинг 8 ойида икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2,7 миллиард долларга етди.

импорт, экспорт, Франция

oec.world маълумотларига кўра, Франциянинг мамлакатнинг барча экспортидаги улуши 3,5% дан 6% гача.

Айни пайтда Қозоғистонда Франция капитали иштирокидаги 170 дан ортиқ компания ишламоқда. Улар орасида Total, Orano, Airbus, Vicat, Air Liquide, Alstom, Saint-Gobain, Danone ва бошқа йирик корпорациялар бор. Франция 2005 йилдан буён мамлакат иқтисодиётига 18,4 миллиард доллар сармоя киритган (жумладан, Total Energies компаниясидан 12 миллиард доллар) ТОП-5 йирик инвестор давлатлар қаторига киради.

инвестиции

2022 йил май ойида техник газ ишлаб чиқариш бўйича жаҳоннинг етакчи компанияси Air Liquide Қозоғистон Президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашида кузатувчи мақомини олди. Айни пайтда Франциянинг яна бир муҳандислик гиганти – Alstomни ушбу кенгаш таркибига қўшиш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Франция Қозоғистонда АЭС қуриши мумкин

Нефть ва газ соҳасидаги мустақил эксперт Динмухаммед Қудайбергенов фикрига кўра, яқин 7-10 йил ичида икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси унчалик ўзгармайди. Бироқ, дунёда углеродга қарамликни камайтиришга қаратилган халқаро кун тартибини ҳисобга олган ҳолда, бир қатор ўзгаришлар бўлиши мумкин.

“Ҳозирги халқаро энергия масаласи кун тартибида сақланиб қолса, Қозоғистон экспорти қисқариши аниқ. 2021 йилда углерод хомашёси умумий ташқи савдонинг 40,2 фоизини ташкил қилган эди”, – деди Динмухаммед Қудайбергенов Kazinform экспертига берган интервьюсида.

Унинг сўзларига кўра, икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш салоҳияти жуда юқори, уни бир неча йўналишда кўриб чиқиш мумкин, улардан бири ядровий соҳадир.

Франция – ядровий держава. Мавжуд ядро реакторлари сони бўйича мамлакат дунёда иккинчи ўринда туради – умумий қуввати 61,4 ГВт бўлган жами 56 та энергия блоки мавжуд. Шу туфайли Франция атом электр станцияларида ишлаб чиқариладиган электр энергияси улуши бўйича дунёда етакчи давлатга айланиб бормоқда. Атом энергетикаси мамлакат электр энергиясининг 70,6 фоизини ишлаб чиқаради.

Бундан ташқари, Франция бу соҳада тадқиқотлар олиб боради, реактор ишлаб чиқариш, ёқилғи ишлаб чиқариш ва утилизация қилиш технологияларига эга. Бу мамлакатда халқаро тажриба термоядро реактори қурилаётгани ҳам шундан далолат беради. Шу боис Франция Қозоғистонда атом электр станцияларини қуриш бўйича потенциал ҳамкорлар рўйхатидан жой олгани бежиз эмас.

Бу Франция учун ҳам фойдали, чунки Қозоғистон атом электр станциялари учун ёқилғи сифатида ишлатиладиган табиий уран захиралари бўйича дунёда иккинчи ўринда туради. Бутунжаҳон ядровий ассоциацияси (WNA) маълумотларига кўра, 2021 йилда Қозоғистонда топилган ва ишлаб чиқарилган уран ресурслари 815,2 минг тоннани ташкил этди, бу дунёдаги барча уран заҳираларининг 12 фоизини ташкил қилади. Шунингдек, 2009 йилда мамлакат уран қазиб олиш бўйича жаҳонда биринчи ўринни эгаллади ва бугунги кунда ҳам етакчиликдан тушмаяпти. Жаҳонда ишлаб чиқарилган ураннинг 40 фоизи Қозоғистонга тегишли.

Динмухаммед Қудайбергеновнинг фикрича, Франция билан ҳамкорлик истиқболи “яшил” кун тартибига асосланиши керак. Чунки 2025 йилдан Европа Иттифоқи трансчегаравий углерод солиғини жорий қилади.

“Қозоғистонда металл экспортини ошириш учун яхши имконият бор. Аммо бу товар 2025 йилдан бошлаб чекловчи чораларга ҳам дучор бўлади, яъни Европа Иттифоқи унга янги трансчегаравий углерод солиғини жорий қилади. Шу боис Франция билан ҳамкорлик истиқболида Қозоғистон экспортчилари хомашёнинг мавжуд ҳажмини сақлаб қолиш ва уни кўпайтиришдан манфаатдор бўлса, биринчи навбатда, “яшил” иқтисодиёт ва “яшил” металлургияни жорий этиш ва мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратиш лозим”, – дейди эксперт.

Бундан ташқари, экспертнинг сўзларига кўра, икки давлат раҳбарларининг учрашувидан сўнг титан экспорти кўпайиши мумкин, чунки шу металлга Франция самолётсозлик саноатида талаб катта. Қозоғистон энг йирик титан етказиб берувчи давлатлардан биридир. Мутахассис фикрича, бу борада алоқалар ривожланса, мамлакат ишлаб чиқариш саноатига туртки бўлади.

“Франция Қозоғистондан титан истеъмол қиладиган ТОП-5 давлатлар қаторига киради ва 2021 йилда унинг улуши 20 фоизга етди. Ушбу металлни қайта ишлашнинг комплекс усулига ўтиш Франция сармоясини ушбу соҳага жалб этиши ва маҳаллий қайта ишлаш саноатига сифатли туртки бериши мумкин”, – деди Динмухаммед Қудайбергенов.

Бундан ташқари, экспертнинг фикрича, Қозоғистонда фармацевтика маҳсулотлари ва электр машиналари ишлаб чиқариш соҳаларида ишлаб чиқариш қувватларини яратиш учун мамлакат ҳукумати ва бизнеси учун қулай сармоявий муҳит яратиш зарур.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилда икки давлат Қозоғистон-Франция савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликнинг 2030 йилгача бўлган йўл харитаси имзоланди. Бу Эммануэль Макроннинг ташаббуси эди. Президент Қасим-Жомарт Тоқаевнинг ўтган йили Францияга ташрифи чоғида умумий қиймати 3 миллиард доллар бўлган 25 та ҳужжат имзоланган.

Сўнгги хабарлар
telegram