Люксембургда Қозоғистон фуқаролари учун виза режимини соддалаштириш масаласи муҳокама қилинди
Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Ташқи ишлар вазири Мурат Нуртилеу “Қозоғистон Республикаси – Европа Иттифоқи” ҳамкорлик кенгашининг 20-юбилей йиғилишида иштирок этди. Учрашув чоғида Қозоғистон томони Европа комиссияси делегациясини Астанага таклиф қилди, деб хабар беради Кazinform агентлиги мухбири.

Музокараларда Европа делегациясини Европа Иттифоқи Кенгашига раислик қилаётган Испания Ташқи ишлар, Европа Иттифоқи ва ҳамкорлик вазири Хосе Мануэль Альбарес тақдим этди.
Аввалроқ Мурат Нуртилеу Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Жозеп Боррел билан шахсан учрашган эди. Томонлар Қозоғистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни анъанавий тарзда кўриб чиқдилар ҳамда Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимнинг амалий ижросини муҳокама қилдилар. Энергетика, транспорт ва логистика, рақамлаштириш, фуқаро авиацияси, виза тартибини соддалаштириш, шунингдек, муҳим хомашё қазиб олиш ва улардан фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Қозоғистон ТИВ раҳбари ўз нутқида Европа Иттифоқи билан ҳамкорликнинг стратегик хусусиятига урғу берди.
– Биз кўплаб соҳаларда ўзаро ҳамкорликнинг юқори даражасига эришдик ва уни янада кенгайтиришга эътибор қаратамиз. Қозоғистон Европа Иттифоқининг Марказий Осиё минтақасида ишончли ҳамкори сифатида ҳаракат қилишда давом этишга тайёр, - деди Мурат Нуртилеу.
Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари савдо-иқтисодий соҳадаги муваффақиятли шериклик ривожланишининг ижобий динамикасини мамнуният билан қайд этди. Европа Иттифоқи Қозоғистоннинг энг йирик савдо шериги бўлиб, 2022 йилда товар айирбошлаш 40 миллиард долларга етди. Шу билан бирга, ўтган йили Қозоғистон иқтисодиётига Европа Иттифоқи давлатларидан тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми 12,5 миллиард АҚШ долларини ташкил этди, бу 2021 йилга нисбатан 23 фоизга кўпдир.
Томонлар Қозоғистон Республикасининг транспорт-логистика салоҳиятини рўёбга чиқариш йўли билан Европа ва Осиё ўртасидаги транзит йўлакларини диверсификация қилиш, жумладан, ЕИ «Global Gateway» стратегиясини Транскаспий халқаро транспорт йўналиши билан боғлаш бўйича қўшма ҳаракатларни муҳокама қилдилар.
Учрашув иштирокчилари Қозоғистон Республикаси фуқаролари учун виза талабларини соддалаштириш бўйича маслаҳатлашувлар бошланганини олқишладилар. Қозоғистон томони Европа комиссияси делегациясини маслаҳатлашувларнинг навбатдаги раунди учун Астанага таклиф қилди.
Вазир Хосе Мануэль Альбарес Қозоғистон Европа Иттифоқининг Марказий Осиё минтақасидаги ишончли ҳамкори эканини таъкидлади ва Европа Иттифоқининг кенг кўламли масалалар бўйича конструктив ҳамкорликни давом эттириш тарафдори эканини таъкидлади.
Таълим ва илм-фан соҳасида Қозоғистон ёшлари салоҳиятини мустаҳкамлаш, жумладан, «Erasmus+» ва «Horizon Europe» академик ва илмий алмашинув дастурларида иштирок этиш бўйича Европа Иттифоқи ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Озиқ-овқат хавфсизлиги ва минтақани барқарор ривожлантириш масалалари билан чамбарчас боғлиқ бўлган қишлоқ ва сув хўжалигини бошқариш соҳасида амалий ҳамкорликни кенгайтириш долзарблиги ҳам таъкидланди.
Қозоғистон Республикасининг турли давлат органлари вакилларидан иборат Қозоғистон делегацияси аъзолари савдо-иқтисодий, сармоявий ва транспорт соҳаларида ҳамкорлик, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш, сиёсий ислоҳотларни амалга ошириш ва бошқа соҳавий мавзуларда маъруза қилдилар.
Муаллиф: Арнур Раҳимбеков