Кунига бир тонна ош сотилади: Астанада Тожикистон маҳсулотлари ярмаркаси бўлиб ўтади
ASTANA. Kazinform – 16-17 август кунлари Астанада Тожикистон Республикасининг Сўғд вилояти қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва халқ ҳунармандчилиги ярмаркаси бўлиб ўтади, деб хабар беради Астана шаҳар ҳокимлиги расмий сайти.

Тожикистонлик тадбиркорлар 1000 тоннадан ортиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари: мева, хурмо, ёнғоқ, сабзавот, боғдорчилик маҳсулотлари ва бошқа бошоқли дон маҳсулотларини сотувга олиб келяпти.
Ярмаркада миллий меню ҳам тақдим этилади:
- 10 та қозонда ош (кунига камида 1 тонна ош);
- 6 та тандирда нон ва сомса (кунига камида 5000 дона таом).
Тадбирдан кўзланган мақсад тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, шунингдек, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборат.
Асрлар давомида тожик маданияти форс ва туркий дунё анъаналарини ўзига сингдириб келган. Тожикистоннинг асосий хусусиятларидан бири бу ранг-баранг бозорлари бўлиб, Шарқ руҳини етказади.
Тадбир пойтахт аҳолиси ва меҳмонларига нафақат ҳунармандлардан сифатли маҳсулот ва ҳунармандчилик буюмларини харид қилиш, балки шарқона бозорнинг ўзига хос муҳитини ҳис қилиш, шарқ ошхонасининг мазали таомларидан татиб кўриш имконини беради.
Ярмарка 16 августда соат 11:00 дан 19:00 гача, 17 августда соат 10:00 дан 19:00 гача “Барыс Арена” яқинидаги ҳудудда бўлиб ўтади.