“Қулай мактаб”: Қозоғистоннинг қишлоқ жойларида 163 та мактаб қурилади

Ғани Бейсембаев
Фото: primeminister.kz

ASTANA. Кazinform - Янги форматдаги мактаблар қурилишига қўйиладиган талаблар тасдиқланди. Бу ҳақда Ҳукумат йиғилишида ҚР Таълим-маориф вазири Ғани Бейсембаев маълум қилди.

“Таълим-маориф вазирлиги миллий лойиҳани амалга оширишнинг барча босқичларини назорат қилади ва мувофиқлаштиради. Шу мақсадда ҳар ҳафта Бош вазирнинг биринчи ўринбосари томонидан ўтказиладиган шошилинч йиғилишларда уни амалга оширишнинг бориши кўриб чиқилиб, муаммоли масалалар барча ҳудудлар иштирокида ҳафтасига икки марта Таълим-маориф вазирлигининг лойиҳа бюроси йиғилишларида мувофиқлаштирилади. Бундан ташқари, вазирлик томонидан ҚР Президенти Ишлар бошқармаси томонидан ишлаб чиқилган «Битрикс» ахборот тизими орқали реал вақт режимида қурилиш ишлари ва бажарилган ишлар ҳажмининг ҳар куни мониторинги олиб борилмоқда”, — деди вазир.

Вазирнинг сўзларига кўра, миллий лойиҳа мамлакатдаги ўқувчилар ўринлари танқислигини бартараф этиш, яроқсиз ва уч сменали мактаблар муаммосини бартараф этишга қаратилган. 2024-2025 йилларда 740 минг ўқувчига мўлжалланган 369 та мактаб, жумладан, жорий йилда 217 та мактаб фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

“Мактаблар қурилиши ягона стандарт асосида олиб борилмоқда. Шу билан бирга, қишлоқ жойларда 163 та мактаб қурилади. Миллий лойиҳани амалга ошириш учун республика бюджетидан 2,3 триллион тенге ажратиш назарда тутилган. Улар орасида ўтган йили “Самруқ-Қазна Констракшн”га тегишли миқдорда маблағ ўтказилган”, — деди Ғани Бейсембаев.

Унга кўра, Таълим-маориф вазирлиги замонавий, эргономик ва хавфсиз таълим майдонини яратиш учун зарур бўлган ҳуқуқий базани ишлаб чиқди ва янги форматдаги мактаблар қуриш талабларини тасдиқлади. Шу жумладан:

Биринчидан, 7 та лойиҳа қувватига эга мактабларни лойиҳалаш бўйича аниқ намунавий топшириқлар ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.

Иккинчидан, эргономика талабларига, шунингдек, ўқув жараёнини ташкил этиш жараёнида ўқувчилар ва ўқитувчиларнинг эҳтиёжларига жавоб берадиган технологик жиҳозлар ва мебелларнинг тўлиқ рўйхати тасдиқланди.

Учинчидан, бошланғич ва ўрта мактаб ўқувчилари учун синф хоналари, санитария иншоотлари ва спорт заллари бўлган алоҳида блоклар кўриб чиқилди.

Тўртинчидан, замонавий техник воситаларни жорий этиш ҳисобига қўриқлаш чоралари кучайтирилди, лицензияга эга қўриқчилар билан таъминлаш, қўриқлаш ходимларига қўйиладиган малака талаблари кучайтирилди.

Бешинчидан, алоҳида таълимга муҳтож болалар учун тўсиқларсиз муҳит яратиш кўриб чиқилди.

Олтинчидан, мактабларни замонавий синф хоналари билан жиҳозлаш талаби жорий этилди.

Еттинчидан, ўқувчиларга қулайлик яратиш мақсадида ўқув материаллари ва кийим-кечакларни сақлаш учун алоҳида шкафлар, қўшимча гардероб кўриб чиқилди.

Сўнгги хабарлар