Криптобозордаги силкинш: жаҳон давлатлари янги захира тузмоқчи
ASTANA. Kazinform – Дунёда энг қиммат криптовалюта сифатида тан олинган биткоин (Bitcoin ёки BTC) қиймати сўнгги ҳафталарда рекорд даражага етди. 14 июль куни 1 биткойн илк бор 120 минг доллардан ошиб кетди. Жорий йил март ойида АҚШ ҳукумати стратегик криптовалюта захираси тузиш масаласини кўтарди. Демак, яқин келажакда дунёда криптовалютанинг таъсири ортиши ва қиймати янада ўсиши мумкин. Хўш, бу вазиятда Қозоғистон қандай чоралар кўрмоқда? Kazinform агентлигининг таҳлилчиси мутахассис фикрини ўрганди.

Шундай қилиб, биткоин қиймати 120 минг доллардан ошиб, навбатдаги рекордни қайд этди. Ҳозирги пайтда у 110-120 минг доллар оралиғида ўзгариб турибди. Мустақил молиячи Ғимран Абдрахмановнинг таъкидлашича, бундай натижани кўпчилик 2021 йилдаёқ кутган, ўша пайтларда 1 биткоин 100 минг доллардан ошиб кетиши кутилганди.
Биз аввал АҚШ криптовалюта захирасини тузмоқчи эканини айтдик. Бироқ мутахассис айрим давлатлар бундай захираларни аллақачон тузиб бўлган бўлиши мумкинлигини таъкидлайди.
“Умуман олганда, криптовалюта кўринишидаги захиралар кўплаб давлатларда тузилмоқда ёки аллақачон тузилган. Аммо улар борасида расман маълумот берилмайди. АҚШда бундай захиралар аввалдан мавжуд бўлиши мумкин. Улардаги криптовалюта, асосан, ноқонуний йўллар билан топилган, мусодара қилинган ёки жарима сифатида давлат хазинасига ўтказилган активлардан иборат.
Ҳозир мусодара қилинган ва блокланган криптоактивлар сони жуда кўп. Менимча, Қозоғистонда ҳам бундай захира мавжуд, лекин у ҳақда расмий маълумот берилмаган. Бу табиий ҳол, чунки ҳозирда ноқонуний P2P савдоси билан шуғулланган шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилмоқда. Уларга тегишли криптоактивлар мусодара қилиниб, блокланади. Бу активлар кейин кимнинг фойдасига ўтади – буни назорат органлари ҳал қилади”, – деди Ғимран Абдрахманов.

Шу билан бирга, давлат захираси сифатида криптовалюта фондини тузиш тўғри қадам ҳисобланса-да, унинг ҳажми чекланган бўлиши керак. Чунки криптовалюталар ўта ўзгарувчан активлар ҳисобланади. Молиячининг таъкидлашича, биткоинни ким яратгани ҳали-ҳануз номаълум.
“Биткоин муаллифи саналган Сатоши Накамото якка шахсми ёки гуруҳми, ҳозир тирикми, қаерда яшайди – буларнинг ҳаммаси ҳануз сир. Шунинг учун давлат капиталининг 10 фоизидан ортиғини криптовалютага сарфлаш – жуда хавфли қадам. Ҳатто 10 фоизнинг ўзи ҳам хатарли кўриниши мумкин.
Шу сабабли бундай захиралар аниқ миқдорда ва махсус инвестициявий стратегия, ҳатто “инвестициявий конституция” асосида тузилиши керак. Ҳужжатда нима дейилган бўлса, ҳаммаси шунга мувофиқ амалга оширилиши лозим”, – деб тушунтирди мутахассис.
Ғимран Абдрахманов келажакда биткоин олтин захирасининг ўрнини босиши мумкин деган тахминлар ҳам борлигини қайд этди. Бироқ айримлар криптобозорни “бўрттирилган бозор” деб ҳисоблашади. Чунки криптовалюта қиймати бир қанча омилларга боғлиқ. Одатдаги янгиликлар, иқтисодий талаб ва таклиф қонунлари, бозордаги йирик ўйинчиларнинг ҳаракатлари нархларга жиддий таъсир қилади.
Биткоиннинг ўсиши ўз навбатида альткоин каби муқобил криптовалюталарнинг қийматига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Масалан, агар биткоин 10 фоизга ошса, бошқа криптоактивлар 15-20, ҳатто 30 фоизгача ошиши мумкин. Айримларининг нархи бутунлай “осмонга учиб”, рекорд даражаларга етиши эҳтимолдан холи эмас.
“Ҳа, криптовалюта захираси яратиш мақсадга мувофиқ. Агар давлат бундай криптофонд мавжудлигини расман эълон қилса ёки бу активлар Миллий фонд таркибига киритилса, халқ учун ҳам қизиқарли бўларди деб ўйлайман. Бу активлар хусусий шахсларга эмас, балки давлатга тегишли эканини маълум қилинса, жамият бунга қарши бўлмайди”, – дея хулоса қилди молиячи Ғимран Абдрахманов.
ҚР Миллий банки раиси Тимур Сулейменовнинг фикрича эса, криптовалюта ҳозирча омма учун тушунарли ва қулай молиявий восита эмас. Шунингдек, Қозоғистонда криптовалюта орқали озиқ-овқат харид қилиш имконини берадиган CryptoCity лойиҳаси амалга оширилиши режалаштирилмоқда.