ҚР Ҳукумати йиғилишида ОТМларни ривожлантириш, ётоқхоналар қуриш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди
ҚР Фан ва олий таълим вазири Саясат Нурбекнинг маълум қилишича, айни пайтда талабаларни ётоқхона билан таъминлаш ишлари олиб борилмоқда. Шу билан бирга, ҳудудларда, хусусан, Астана, Алмати, Қарағанди ва Туркистон вилоятларида янги ётоқхоналар қуриш бўйича лойиҳачилар ва салоҳиятли инвесторлар билан ишлашни кучайтириш, шунингдек, давлат-хусусий шериклик механизмини такомиллаштиришни давом эттириш режалаштирилмоқда.
Бундан ташқари, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари орасидан қишлоқ жойлардан келган талабаларни турар жой билан таъминлаш, хусусан, ётоқхона эгаларига фойдаланиш харажатларини қоплашнинг янги механизмидан фойдаланиш тавсия этилади.
Бош вазир ушбу ёндашувларни қўллаб-қувватлади ва мазкур механизмни коллеж ўқувчиларига қўллашни маъқуллади.
Кенгашда олий ўқув муассасалари инфратузилмасини ривожлантириш, хусусан, ЕМУ ва ҚазМУ кампусларини қуриш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Бу йўналишда барча зарур коммуникациялар билан таъминланган ҳолда ер участкаларини тақсимлаш масалалари ишлаб чиқилиши таъкидланди.
«Бу энг муҳим масалалардан бири. Қозоғистоннинг етакчи олий таълим муассасаларида таълимга бўлган талаб муттасил ортиб бормоқда, шунинг учун қўшимча бинолар ва ётоқхоналар қуриш имкониятларини излаш зарур. Бу масалаларни Астана ва Алмати маъмуриятлари билан биргаликда ишлаб чиқиш керак», — деди Алихан Смаилов.
Шунингдек, Бош вазир 2023 йилда учта маҳаллий олий таълим муассасаси негизида Академик маҳорат марказларини ташкил этиш бўйича тажриба лойиҳасини ишга туширишни қўллаб-қувватлади. Унинг доирасида танланган таълим муассасаларида қўшимча жиҳозлар пайдо бўлади, Тадқиқот университети моделига ўтиш ва янги таълим дастурларини ишга тушириш бошланади.
– Инсон капиталини ривожлантириш, ёшлар таълим-тарбияси учун инвестицияларни жалб қилиш олдимизда турган энг устувор йўналишлардан биридир. Шу боис лойиҳани республиканинг бошқа олий таълим муассасаларида ҳам кенгайтириш имкониятларини ишлаб чиқиш билан бирга амалга ошириш зарур», — деди Алихан Смаилов.
Бундан ташқари, Бош вазир вилоят иқтисодиётининг асосий муаммоларини ҳал этиш мақсадида вилоят ҳокимликларига илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини молиялаштириш учун қўшимча бюджет имкониятларини беришни тасдиқлади. Бу маҳаллий ҳудудларда инновацион фаолиятни рағбатлантириш имконини беради. Шу билан бирга, у ер қаъридан фойдаланувчилар илмий-тадқиқот ишлари бўйича аризалар юбориши мумкин бўлган ягона рақамли портал яратилишини назорат қилиш зарурлигини айтди.
Шунингдек, йиғилишда Давлат раҳбарининг Сайловолди дастури, Қозоғистон халқига Мурожаатномаси ҳамда Ҳукуматнинг кенгайтирилган йиғилишлар доирасида белгилаб берилган вазифаларни ҳисобга олган ҳолда Фан ва олий таълим вазирлигининг тармоқ концепциялари ва ривожланиш режаларини ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, Фан ва олий таълим вазирлигининг тармоқ олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот институтларини бошқаришдаги иштироки даражасини ошириш, Олий илмий-техника комиссияси фаолияти, «ҚР баъзи қонунларига фан масалалари бўйича айрим ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва бошқа масалалар муҳокама қилинди.
Кенгаш якунида қабул қилинган қарорлар кадрлар тайёрлашни ривожлантириш, олий таълимни модернизация қилиш, умуман Қозоғистон илм-фанининг оммабоплиги, жозибадорлиги ва обрўсини оширишга яхши туртки беради.
Фото: primeminister.kz