ҚР Ташқи ишлар вазири ўринбосари Аргентина, Чили ва Бразилияга ташриф буюради

Бу ҳақда ҚР Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Айбек Смадияров маълум қилди.
«2023 йилнинг 21-24 август кунлари ҚР Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Қайрат Омаровнинг Аргентина, Чили ва Бразилияга ташрифи режалаштирилган. Аргентинада Астана ва Буэнос-Айрес ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида ТИВлараро сиёсий маслаҳатлашувларнинг тўртинчи раунди бўлиб ўтади. Шунингдек, ҚР Фахрий консулхонаси очилиши, жамоат ва сиёсий гуруҳлар вакиллари билан учрашув ўтказиш режалаштирилган», — деди вазирликнинг ҳафталик брифингида расмий вакил.
Чилида ТИВлараро сиёсий маслаҳатлашувларнинг учинчи раунди ўтказилиши режалаштирилган. Учрашувда Тинч океани иттифоқи доирасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик масалалари, Қозоғистоннинг Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотига кириши истиқболлари, мамлакатлар ўртасидаги виза тартиби, ўзаро савдо ва сармояларни жалб этиш масалалари муҳокама қилинади.
Қайрат Омаровнинг Бразилияга ташрифи доирасида маҳаллий ишбилармонлар гуруҳи вакиллари иштирокида Қозоғистоннинг сармоявий ва экспорт салоҳиятига бағишланган давра суҳбати ташкил этиш, Сан-Паулу шаҳрида Қозоғистон Республикасининг фахрий консуллигини очиш ҳамда Бразилия Миллий Саноат Конфедерацияси президенти Жильберто Порселло Петри билан учрашув ўтказиш режалаштирилган.
«Алоҳида қайд этилган давлатларга ташрифлар натижасида савдо-инвестициявий ҳамкорликни йўлга қўйиш ва халқаро ташкилотлар доирасидаги ўзаро ҳамкорликни фаоллаштиришга қаратилган янги келишувларга эришилиши кутилмоқда», - деди Айбек Смадияров.Муаллиф: Айжан Серикжанқизи