ҚР Сув ресурслари вазирлиги синовдан ўтказган препарат сувни 37 фоизгача тежаш имконини беради

ASTANА. Кazinform - Қозоғистонда сувни тежаш имконини берувчи Венгрия препаратини синовдан ўтказишнинг биринчи босқичи якунланди, деб хабар беради Сув ресурслари ва ирригация вазирлиги матбуот хизмати.

ҚР Сув ресурслари вазирлиги синовдан ўтказган препарат сувни 37 фоизгача тежаш имконини беради
Коллаж: Kazinform

Матбуот хизмати хабарига кўра, тест синовларида вазирлик ташаббуси билан 4 та илмий-тадқиқот институти иштирок этди.

Булар Тараздаги “Қозоғистон сув хўжалиги илмий-тадқиқот институти”, Қизилўрдадаги “И.Жақаев номидаги Қозоғистон шоличилик илмий-тадқиқот институти”, “Пахта-сабзавот деҳқончилик тажриба станцияси” ва “Аграр инновациялар институти”дир.

Синов жараёнида турли гуруҳлар ва иқлим шароитларида кам суғориш шароитида препаратнинг тупроқ намлиги ва унумдорлигини оширишга таъсири ўрганилди.

Олимларнинг маълум қилишича, препаратни қўллаш шоли далаларида сувни 37 фоизгача тежаш имконини беради. Бунинг сабаби шундаки, анъанавий усул бўйича шоли 90 кун давомида суғорилади. Намликни сақлайдиган препаратни қўллашда 51 кун давомида суғориш кифоя қилади. Сув тежамкорлиги қанд лавлаги даласида 23,9 фоизгача, маккажўхори майдонида 28,7 фоизни ташкил этди. Бундан ташқари, мутахассисларнинг айтишича, ҳосилдорлик ҳам ошган.

“Синовнинг биринчи босқичи яхши натижаларни кўрсатди. Кейинчалик, препаратнинг самарадорлиги кенг миқёсли майдонларда синовдан ўтказилиши керак. Бунинг учун фермерлар билан учрашиб, уларга тест натижаларини кўрсатиш мақсадга мувофиқ. Тушунтириш ишларини олиб бориш керак. Чунки суғориш сувига бўлган талаб йилдан-йилга ортиб, фермерларимиз сувни тежашнинг замонавий усулларига ўтишдан манфаатдор, – дейди вазир Нуржан Нуржигитов.

Ўз навбатида, Венгриянинг «Soil solution» компанияси вакиллари фермерлардан талаб катта бўлса, Қозоғистонда препарат ишлаб чиқарувчи завод очиш ниятида эканликларини маълум қилишди.

Эслатиб ўтамиз, ҚР Сув ресурслари вазирлиги 2024-2026 йилларга мўлжалланган сувни тежаш бўйича йўл харитасини ишлаб чиққани ҳақида ёзган эдик.

Сўнгги хабарлар