ҚР Сенатида Qazaq Oxford Dictionary луғати тақдимоти бўлиб ўтди
Бугун Қозоғистон Республикаси Сенатида Qazaq Oxford Dictionary луғати тақдимоти бўлиб ўтди, деб хабар беради Kazinform.

“Бу луғат Президент топшириғи билан Миллий таржима бюроси мутахассислари томонидан 4 йилдан ортиқ вақт давомида махсус ишлаб чиқилган. Буни қозоқ тилининг мавқеини халқаро миқёсга кўтарган, унинг қудрати, лингвистик фаоллиги ва салоҳиятини намоён этувчи асар десак бўлади. Давлат тилининг Oxford луғатлари қаторига киритилиши, 60 000 дан ортиқ сўзнинг илмий асосда сараланиб, берилгани катта шарафдир. Бу ишга Ахмет Байтурсинули номидаги Тилшунослик институти олимлари катта ҳисса қўшдилар”, – деди луғат тақдимотида Олий Мажлис Сенати депутати Нуртўре Жусип.
Тадбирда лойиҳа раҳбари, Халқаро “Қозоқ тили” жамоат бирлашмаси президенти Рауан Кенжеханули сўзга чиқиб, луғат қандай яратилгани ҳақида гапирди.
“Дунёда таржима луғатларини тайёрлаш, айниқса бошқа тилларни инглиз тили билан боғлаш бўйича энг нуфузли ва тажрибали ташкилот бу Oxford нашриётидир. У 150 йилдан бери луғат тайёрлаб, унга ихтисослашган”, - дейди Рауан Кенжеханули.
Унга кўра, қозоқ ва инглиз тилларининг луғат таркибидаги ўзгаришлар, айниқса, замонавий маданият, ахборот технологиялари, тиббиёт, иқтисод, молия ва савдо соҳаларидаги янгиликлар тўплаш жараёнида инобатга олинган.
Шунингдек, луғатда инглиз ва қозоқ тиллари грамматикаси, талаффузи ва имло қоидаларини тушунтирувчи қисқача йўриқномалар ҳамда қозоқ тилида иш ва электрон ёзишмаларни ёзиш мисоллари келтирилган.