ҚР Сенати раиси ОҲИЧК Бош котиби билан учрашди

Маулен Ашимбаев
Фото: Н.Байбулин

ASTANA. Кazinform – Қозоғистон Республикаси Сенати раиси Маулен Ашимбаев Осиёда ўзаро ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш Бош котиби Қайрат Сарибай билан учрашди.

М. Ашимбаев Бош котибга эҳтиром кўрсатиб, бугунги кунда ОҲИЧКнинг роли ортиб бораётгани ва у ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан манфаатдор эканини таъкидлади. Ўз навбатида, Палата спикери Кенгашнинг Астана шаҳрида бўлиб ўтган VI саммитида тилга олинган ташаббусларга эътибор қаратиб, уни тўлақонли халқаро ташкилотга айлантиришга қаратилган “Йўл харитаси”ни амалга ошириш механизмларига тўхталди.

“Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Кемелули Тоқаев 2022 йилда Астана шаҳрида бўлиб ўтган Саммитда Қозоғистоннинг 2022-2024 йилларда ташкилотга раислиги давридаги устувор вазифаларни белгилаб берди. Улар орасида кўнгиллилар ҳаракати етакчилари йиғилишини ўтказиш, аъзо давлатларнинг етакчи университетлари ўртасида ҳамкорлик тармоғини яратиш, атроф-муҳит масалалари бўйича юқори савияда конференция ташкил этиш, ўзаро самарали мулоқот бўйича кенгаш ташкил этиш каби ташаббуслар бор. Сенат Кенгаш фаолиятини институционал ривожлантириш бўйича вазифаларни амалга оширишни қонунчилик билан таъминлашга тайёр”, — деди Маулен Ашимбаев.

Шунингдек, у ҳозирда Палата ва Ташкилотнинг доимий қўмиталари ўртасида яқин алоқалар мавжудлигини таъкидлади.

Учрашувда томонлар Қозоғистоннинг ОҲИЧКга раислиги билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилдилар. Бундан ташқари, ташкилот географияси ва фаолият кўлами йилдан-йилга кенгайиб бораётгани айтилди. Хусусан, эпидемиологик хавфсизлик, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, ахборот-коммуникация технологиялари хавфсизлиги каби ҳамкорликнинг янги устувор йўналишлари жорий этилди.

Шу билан бирга, учрашувда цивилизациялар ва динлар ўртасидаги мулоқотни ривожлантириш масаласи ҳам кенг муҳокама қилинди. Шу муносабат билан Маулен Ашимбаев Жаҳон ва анъанавий динлар етакчилари съездини 2033 йилгача ривожлантириш Концепцияси ҳақида гапириб, келгусида ҳамкорликда олиб бориладиган ишлар йўналишларига эътибор қаратди.

“Ўтган йили Қозоғистон ташаббуси билан ташкил этилган жаҳон ва анъанавий динлар етакчиларининг съездига 20 йил тўлди. Ўтган йилнинг октябрь ойида биз Астанада Съездни келгуси 10 йилга ривожлантириш концепциясини қабул қилдик. Шу билан бирга, Съезд Котибияти динлараро ва цивилизациялараро мулоқотни янада мустаҳкамлаш мақсадида халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни оширишдан манфаатдор. Ташкилотнинг эътиқодга асосланган чора-тадбирлар каталоги цивилизациялар, маданиятлар ва динлар ўртасидаги мулоқотни ривожлантиришга урғу беришини биламиз. Бу йўналишда ҳамкорликда иш олиб бориш мумкин, деб ҳисоблайман”, — деди Маулен Ашимбаев.

Сенат раиси Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш доирасида Палата томонидан амалга оширилаётган қонунчилик ишларига ҳам тўхталиб ўтди.

Сўнгги хабарлар