ҚР Президентининг «Абай ва ХХІ асрдаги Қозоғистон» номли мақоласи чоп этилди
Бу йил Абай Қўнонбоев таваллудига 175 йил тўлади. Буюк шоир юбилейини муносиб нишонлаш учун қурилган махсус комиссия ўз ишини бошлаган.
«Елбасы Нурсултон Абишевич Назарбоев «Келажакка йўлланма: маънавий янгиланиш» номли мақоласида ижтимоий онгни янгилаш муҳимлигини қайд этганди. Миллий онгни сақлаш ва уни замон талабларига мослаш давлат аҳамиятига молик масаладир. Сабаби онгни янгилаш орқали ХХІ асрда юртимизни янгича ривожлантира оламиз», - деди Давлатимиз раҳбари ўз мақоласида.
Янгиланиш – ўтган кунни тамомила унутиб юбориш эмас.
«Янгиланиш – бу миллий меъросларимизни бугунги кунга монанд ривожлантиришни кўзловчи ҳодиса. Бу борада биз Абайни ёдга олмай кетиш мумкин эмас. Сабаби, буюк мутафаккир бундан бир аср муқаддам миллатни янгиланишга, янги ҳаётга қадам қўйишга чақирган», - деб ёзди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Президент Абайнинг 175 йиллиги муносабати билан халқаро, республика ва ҳудудий миқёсларда 500дан зиёд тадбир ўтказилишини таъкидлади.
«Август ойида Семей шаҳрида ЮНЕСКО билан биргаликда ташкил этиладиган «Абай меъроси ва жаҳон маънавияти» номли халқаро илмий-амалий анжуман энг асосий тадбирга айланади. Шунингдек, октябрь ойида Нур-Султон шаҳрида «Абай ва маънавий янгиланиш масалалари» мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтади. Ушбу тадбирларда Абай сиймоси ва меъроси атрофлича тадқиқ этилиб, унинг ижодини ХХІ асрдаги янги Қозоғистон ривожи учун фойдаланишга йўл очилади», - дея таъкидлади Президент.
Муҳим лойиҳалардан яна бири – буюк шоир асарларини ўн тилга таржима қилиб, нашр қилиш. Жумладан, Абай асарлари инглиз, араб, япон, испан, итальян, хитой, немис, рус, турк, француз тилларига ўгирилади. Шоир ҳаёти ва ижоди, қозоқ маданиятини ривожлантиришдаги роли ҳақида бирқатор ҳужжатли фильм ва «Абай» телесериали суратга олинади.
«Абай сиймосини улуғлаш хорижда ҳам давом эттирилади. Россия, Франция, Буюк Британия ва бошқа давлатлардаги Қозоғистон элчихоналари қошида «Абай марказларини» очиш режалаштирилмоқда. Ушбу маданий чора-тадбирларни исрофгарчиликка берилмасдан ташкил этиш лозим», - деди Президент.
Давлатимиз раҳбари мақоласида Ҳукуматга юбилей доирасида Семей шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, шунингдек, Абай камол топган Жидебай овулини ободонлаштириш, «Жидебай-Бўрили» давлат тарихий-маданий ва адабий-мемориал музей-қўриқхонасини илмий-маърифий фаолият олиб борувчи марказга айлантириш каби вазифалар юклатилди.
Жидебайда музейга ихтисослаштирилган «Абай меъроси» номли янги бино қурилади. Бундан ташқари, 1918 йилда Семей шаҳрида Мухтар Авезов ва Жусипбек Аймауитов асос солган, 1992 йилдан кейингина қайта нашр қилина бошлаган «Абай» журнали давлат томонидан қўллаб-қувватланади.