ҚР Президенти Yandex компаниясининг рақамли трансформацияга қўшган ҳиссасини юқори баҳолади
ASTANA. Kazinform – Давлат раҳбари «Яндекс Global» компанияси бош директори Даниил Шулейкони қабул қилди, деб хабар беради Ақорда матбуот хизмати.

Учрашув давомида Yandex Qazaqstan компаниясининг асосий фаолият йўналишлари ва режалари муҳокама қилинди. Хусусан, компаниянинг онлайн платформа орқали одамларни иш билан таъминлаш ва сунъий интеллект технологиясини ривожлантириш бўйича ташаббусларига алоҳида эътибор қаратилди.
Қасим-Жомарт Тоқаев Yandex Qazaqstanнинг рақамли трансформация, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш ҳамда фуқароларнинг ҳаёт сифатини яхшилашга қўшган ҳиссасини юқори баҳолади.
Бундан ташқари, маданий меросни илғор технологиялар билан интеграциялаш масаласи муҳокама қилинди. Президент сунъий интеллект жадал ривожланаётган даврда маданий ўзига хосликни сақлаш, шунингдек, рақамли маконда қозоқ тили ва маданиятини кенг тарғиб қилиш муҳимлигини таъкидлади.
“Ўз навбатида, Даниил Шулейко, платформани ишга жойлаштириш лойиҳаси натижасида 65 мингдан ортиқ ҳайдовчи «Яндекс. Такси»га қўшилганини ва ҳамкори сифатида ижтимоий ҳимояланганлигини маълум қилди. 2024 йилда компания мамлакатга 29,5 миллиард тенге солиқ тўлаган бўлса, 2016 йилдан буён Қозоғистон иқтисодиётига 225 миллиард тенгедан ортиқ сармоя киритди. «Яндекс Global» раҳбари, шунингдек, Астанада янги инновацион лойиҳаларни ишга тушириш режалари ҳақида гапирди ва AI-Sana дастурида иштирок этишга тайёрлигини тасдиқлади”, – дейилади хабарда.