ҚР Президенти Яқин Шарқдаги вазият ёмонлашганидан хавотир билдирди

Тоқаев
Фото: Ақорда

KAZAN. Kazinform – Президент Қасим-Жомарт Тоқаев Қозон шаҳрида бўлиб ўтган БРИКС ялпи мажлисининг «БРИКС плюс»/«аутрич» форматида нутқ сўзлади. Ақорда хабар беришича, Давлат раҳбари Яқин Шарқдаги вазият ёмонлашганидан хавотирда.

“Бизнинг фикримизча, қашшоқлик, тенгсизлик, таълим етишмаслиги каби можаронинг асосий сабабларини биргаликда бартараф этиш халқаро сиёсий ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг асосий омили бўлиб қолмоқда. Қозоғистон БМТ Хавфсизлик кенгашини ислоҳ қилиш ва унинг таркибини Африка, Лотин Америкаси ва Осиё давлатларидан янги аъзолар ҳисобига кенгайтиришни қўллаб-қувватлайди”, – деди Президент.

Қасим-Жомарт Тоқаев тинчлик ва хавфсизлик масалаларини ҳал этишда Глобал Жануб давлатларининг овозини эшитиш кераклигини айтди. Унинг сўзларига кўра, БРИКС глобал бошқарув тузилмасида ўрта кучлар ва ривожланаётган иқтисодиётлар улушини ошириши ва бу жараёнда асосий рол ўйнаши мумкин.

Шундан сўнг Давлат раҳбари Қозоғистоннинг БРИКСга аъзо давлатлар билан товар айирбошлаш ҳажми жадал суръатлар билан ўсиб бораётганини таъкидлади. Бу кўрсаткич ўтган йили Қозоғистон ташқи савдо ҳажмининг ярмига етди. Қасим-Жомарт Тоқаевнинг таъкидлашича, савдо ва сармоя, IТ технологиялар, муҳим фойдали қазилмалар, озиқ-овқат хавфсизлиги, таълим ва туризм ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан БРИКСга аъзо давлатлар раҳбарларининг ХVI саммитида иштирок этиш учун Қозон шаҳрига борди.

Давлат раҳбари БРИКС саммити иштирокчилари билан қатор учрашувлар ўтказди.

Қозоғистон Республикаси Президенти ва БРИКС+ саммитининг бошқа иштирокчилари биргаликда суратга тушишди.

Сўнгги хабарлар
telegram