Қасим-Жомарт Тоқаев Қозон шаҳрига борди
ASTANA. Kazinform – Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан БРИКСга аъзо давлатлар раҳбарларининг XVI саммитида иштирок этиш учун Қозон шаҳрига борди, деб хабар беради Ақорда.
Ташриф доирасида Қозоғистон президенти икки томонлама учрашувлар ўтказади ва БРИКСнинг «аутрич»/«БРИКС+» форматидаги ялпи мажлисида нутқ сўзлайди.
БРИКС саммити Татаристон пойтахтида 22-24 октябрь кунлари бўлиб ўтади. Тадбирда иштирок этиш учун бир қатор жаҳон ва минтақавий давлатларнинг раҳбарлари шаҳарга келишди. Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин БРИКС саммитида иштирок этиш учун Татаристонга келди. Бундан ташқари, Жанубий Африка Республикаси Президенти Сирил Рамафоса, Эфиопия Бош вазири Аби Аҳмед, Бразилия Ташқи ишлар вазири Мауро Виейра бошчилигидаги делегация ва Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси ҳам Қозонга ташриф буюрди.
Россия Федерацияси президенти ёрдамчиси Юрий Ушаковнинг сўзларига кўра, Қозондаги БРИКС саммитининг асосий мавзулари кўп томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш, ассоциацияга янги аъзоларнинг интеграцияси, глобал кун тартиби, шунингдек, минтақавий можароларни ҳал қилишдир. Дастлабки маълумотларга кўра, тадбирда 59 давлатдан 20 мингга яқин делегат, шунингдек, 2 мингга яқин журналист иштирок этади.
Эслатиб ўтамиз, президент Қозоғистоннинг БРИКС тузилмасига кириш имкониятини кўриб чиқиш бўйича таклифлар олган эди. Давлат раҳбари ушбу таклифни Қозоғистоннинг миллий манфаатлари нуқтаи назаридан синчиклаб кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси – матбуот котиби Берик Уали маълум қилди.
Бразилия президенти Луис Инасиу Лула да Силва соғлиғи туфайли 22-24 октябрь кунлари Қозонда бўлиб ўтадиган БРИКС саммитида иштирок этмаслиги ҳақида ҳам хабар берган эдик.