ҚР Президенти Қозоғистоннинг БРИКСга қўшилиши бўйича таклифлар олди

ASTANA. Kazinform – ҚР Президенти Қозоғистоннинг БРИКС тузилмасига қўшилиш имкониятларини кўриб чиқиш бўйича таклифлар олди. Давлат раҳбари ушбу таклифни Қозоғистоннинг миллий манфаатлари нуқтаи назаридан синчиклаб кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси – Матбуот котиби Берик Уали Tengrinews.kz нашрига берган интервьюсида маълум қилди.

Қасым-Жомарт Тоқаев
Фото: Ақорда

– Тез орада (23-24 октябрь) Қозон шаҳрида БРИКС саммити бўлиб ўтади. Хабарингиз бор, мазкур тузилмага раислик қилувчи Россия Президенти Владимир Путин Қасим-Жомарт Тоқаевни форумга меҳмон сифатида таклиф қилган...

– Тўғри, Президентнинг жадвалига унинг БРИКС саммитидаги иштироки киритилган. 24 октябрь куни Давлат раҳбари тузилманинг кенгайтирилган йиғилишида «аутрич» форматида нутқ сўзлайди.

– Озарбайжон ва Беларусь БРИКСга аъзо бўлиш учун ариза берди. Айни пайтда МДҲнинг бошқа давлатлари ҳам қизиқиш билдирган бўлиши мумкин. Қозоғистоннинг БРИКС бўйича позицияси қандай? Мамлакат ушбу халқаро тузилмага аъзо бўлишни режалаштирмаяптими?

– Қозоғистон БРИКСнинг ривожланиш эволюциясини диққат билан кузатиб бормоқда. Мамлакатимиз ушбу тузилмага асос солган давлатлар раҳбарларининг ҳар қандай супердавлат гегемонлигидан холи адолатли ва демократик дунё тартибини яратиш ташаббусини қўллаб-қувватлайди.

Президент Қозоғистоннинг БРИКС тузилмасига кириш имкониятини кўриб чиқиш бўйича таклифлар олди. Халқаро ҳамжамиятнинг масъулиятли ва нуфузли аъзоси сифатида мамлакатимизга бундай таклифнинг тушиши нормал ҳолат.

Бу таклиф Давлат раҳбари томонидан диққат билан кўриб чиқилиб, тегишли идоралар Қозоғистон миллий манфаатлари нуқтаи назаридан таҳлил қилмоқда.

Мамлакатимиз тузилмага аъзоликни кўриб чиқишнинг кўп босқичли жараёнини ва ушбу ассоциациянинг ривожланиш истиқболлари билан боғлиқ бошқа масалаларни ҳисобга олган ҳолда ҳозир ва яқин келажакда БРИКСга аъзо бўлиш учун ариза беришдан ҳолис қолади.

– Бундай вазиятда қозоқ дипломатияси қайси ташкилотга устувор аҳамият беради?

– Президентимиз БМТга дунёда универсал ва тенги йўқ ташкилот сифатида аввал ҳам бир неча бор мурожаат қилган эди. Шунингдек, у барча долзарб халқаро муаммолар, жумладан, адолатли дунё тартибини яратиш билан боғлиқ масалалар ҳам ушбу Ташкилотда муҳокама қилиниши кераклиги ҳақида ўз позициясини билдиргани ҳам жамоатчиликка маълум.

– Бироқ, БМТ кучсиз ташкилотга айланган деган фикр ҳам бор...

– Президентнинг фикрича, БМТ ҳам камчиликлардан холи эмас. Аммо шунга ўхшаш бошқа ташкилот йўқ. Шунинг учун БМТ жаҳон ҳамжамиятининг ёрдамига муҳтож.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Низоми халқаро ҳуқуқнинг асоси бўлиши керак ва ҳеч ким ушбу асосий ҳужжатда белгиланган тамойилларни бузишга ҳақли эмас.

Президент БМТ Хавфсизлик Кенгаши муҳим ва тақдирли қарорлар қабул қилишда қобилиятсизлигидан афсусда эканлигини билдирди. Шу боис, Давлат раҳбари БМТ Хавфсизлик кенгашини БМТга аъзо давлатларнинг кенг кўламли маслаҳатлашувлари асосида, “ўрта кучлар” манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ислоҳ қилишни бошлаш зарур, деб ҳисоблайди.

Сўнгги хабарлар