ҚР Президенти Венгрия Бош вазири билан музокаралар ўтказди
ASTANA. Kazinform – Қасим-Жомарт Тоқаев Виктор Орбанга ўз миннатдорчилигини билдириб, ўтган йили Будапештга давлат ташрифи ҳақида гапирди. Унинг доирасида бир қатор стратегик аҳамиятга эга шартномалар имзоланди. Бу ҳақда Ақорда хабар берди.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, ташриф аниқ келишувларга эришиш, шунингдек, Астана ва Будапешт ўртасидаги ўзаро англашувни мустаҳкамлаш нуқтаи назаридан самарали бўлди.

Президент савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни икки томонлама муносабатларнинг устувор йўналиши сифатида қайд этди. Ўтган йили ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 200 миллион долларга етган бўлса, жорий йилнинг биринчи чорагида товар айирбошлаш ҳажми 37 фоизга ошди.
Венгриянинг Қозоғистон иқтисодиётига киритган сармояси 370 миллион доллардан ошди. Икки давлат ўртасида ҳозирда машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, логистика соҳаларида 16 та қўшма сармоявий лойиҳа амалга оширилмоқда. Уларнинг қиймати тахминан 700 миллион долларга баҳоланмоқда.

Президент Туркий давлатлар ташкилотининг эртага бўлиб ўтадиган норасмий саммити муҳимлигини таъкидлаб, Қозоғистон Ташкилот фаолиятининг барча устувор йўналишлари бўйича конструктив мулоқотни давом эттириш тарафдори эканини тасдиқлади.
Виктор Орбан Қасим-Жомарт Тоқаевга ташрифи учун миннатдорлик билдириб, Қозоғистон-Венгрия муносабатларининг барқарор ва динамик характерини қайд этди.
Венгрия Бош вазири сўнгги йилларда икки томонлама ҳамкорлик, айниқса, иқтисодий соҳада фаол ривожланаётганини таъкидлади.
Шунингдек, саммитни ташкил этишда кўрсатилаётган ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун миннатдорлик билдирди.
Учрашувда ўтган йили олий даражадаги музокаралар натижасида эришилган келишувлар, жумладан, энергетика, савдо ва инвестиция соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга оширишнинг бориши муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, томонлар халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашдилар.
Эслатиб ўтамиз, ҚР Президенти Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммитида иштирок этиш учун Будапештга борган эди.