ҚР Президенти Туркий Давлатлар Ташкилотининг норасмий саммитида қандай масалаларни кўтарди

SHUSHA. Kazinform — Давлат раҳбари ўз нутқида, биринчи навбатда, саммитнинг “Транспорт, коммуникация ва иқлим ўзгаришини назорат қилиш орқали барқарор келажак яратиш” мавзуси бутун мамлакат манфаатларига мос келишини таъкидлади.

Ақорда
Фото: Akorda

Шунингдек, у мазкур учрашув туркий мамлакатлар фаровонлигига қаратилгани, тараққиётнинг янги йўналишларини белгилаб бериши, қардошлик ришталарини мустаҳкамлаши ва минтақада барқарорликни таъминлашга хизмат қилаётганига эътибор қаратди.

Қасим-Жомарт Тоқаевнинг сўзларига кўра, Қозоғистон Туркий давлатлар ташкилотининг амалдаги раиси сифатидаги фаолияти имкон қадар самарали бўлишини истайди.

“Ташкилотнинг халқаро мақомини оширишга ҳаракат қиламиз. Айни пайтда «TURKTIME!» шиори доирасида ҳамкорликни кенгайтиришда давом этамиз. Бунгача 40 га яқин тадбир ўтказдик. Мамлакатларимиз ўртасида мулоқотнинг янги механизмлари пайдо бўлди. Булар ижтимоий сиёсат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, таълим, технология, инновациялар ва саноат каби соҳалардир. Шунингдек, сентябрь ойида Астана шаҳрида V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари бўлиб ўтади. Бу - туркий маданиятини кенг тарғиб қилувчи муҳим тадбирдир. Фурсатдан фойдаланиб, қардош мамлакатлар спортчиларини қизиқарли мусобақада иштирок этишга таклиф қиламан”, – деди Қозоғистон Президенти.

Давлат раҳбари глобал хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш мамлакатимиз ташқи сиёсатининг асосий устувор йўналишларидан бири эканини алоҳида таъкидлаб, туркий халқи ҳамиша ҳамкорлик қилиши кераклигини таъкидлади.

“Бизнинг кучимиз - бирликда. Умуман олганда, ҳар қандай низо ёки зиддиятни ҳал қилишнинг ягона йўли бор. Бу конструктив мулоқот. Бу борада раислигимиз доирасида “Медиация”га алоҳида эътибор қаратилмоқда. Озарбайжон ва Арманистон давлатлари ўртасида тинчлик ўрнатиш борасидаги ижобий тенденцияни алоҳида таъкидламоқчиман. Тинчлик сари қадам босилганини мамнуният билан олқишлаймиз. Биз Боку ва Ереван ўртасидаги тинчлик музокаралари учун платформамизни таклиф қилишга доим тайёрмиз”, — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

шуша
Фото: Ақорда

Президент дунёда сиёсий ва иқтисодий ўзгаришлар рўй бераётгани, бунинг натижасида бузилмасдек кўринган глобал хавфсизлик тизимининг парчалана бошлаганига эътибор қаратди.

Шу муносабат билан у Туркий давлатлар ташкилотини янада мустаҳкамлаш зарурлигини айтиб, ташкилотнинг келгусидаги фаолияти ва унинг устувор йўналишлари ҳақида ўз фикрларини билдирди.

“Туркий ташкилот мамлакатлари, қолаверса, бошқа давлатлар билан ҳам савдо ва транспорт ҳажмини ошириши зарур. Шу билан бирга, Транскаспий халқаро транспорт йўналиши имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш зарур. Бугунги кунда мазкур йўналиш бўйича контейнер ташиш ҳажми кескин ошди. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан икки баравар ошди. Ташиш вақтини қисқартириш мақсадида «Digital Trade Corridor» мультимодал рақамли платформасини яратдик. Бу йўналишда Озарбайжон билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқдамиз. Ҳозирги вақтда икки томонлама темир йўл маъмуриятларини интеграциялаш якунланди. Бунинг самарасида ўтган йили ўрта йўлак орқали юк ташиш ҳажми 65 фоизга ошди, яъни салкам 3 миллион тоннага етди. Ақтау портидаги хаб контейнер ташиш ҳажмини 300 мингтага ошириш имконини беради. Порт Каспий денгизи соҳилидаги давлатлар ва Марказий Осиё давлатлари учун хизмат қилади”, - деди Президент.

Қасим-Жомарт Тоқаев туркий давлатларнинг иқтисодий ривожланиш имкониятлари ҳақида гапирди.

“Иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш учун молия соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш зарур. Шу билан бирга, Туркий давлатлар марказий банклари кенгашини тузиш керак. Умумтурк патент ташкилотини ташкил этишни ҳам таклиф қиламан. Бу йил Туркий сармоя фонди бошқарув кенгашининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унинг фаолияти иқтисодиёт ва молия-инвестиция соҳасини ривожлантиришга ижобий таъсир кўрсатади, деб ўйлайман”, - деди Қозоғистон Президенти.

Давлат раҳбари навбатдаги муҳим йўналиш сифатида алоқа соҳасини қайд этди.

“Бугунги кунда Каспий денгизи остидан оптик толали кабель ётқизиш ишлари олиб борилмоқда. Бу ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий юксалишига ҳам шароит яратади. Сунъий интеллект ва сунъий йўлдош тизимлари каби илғор технологиялар ҳам катта имкониятларга эга. Биз сунъий интеллект соҳасида кадрлар тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратамиз. Шу билан бирга, махсус мактаблар тармоғини яратиш ниятидамиз. У дунёнинг етакчи компаниялари платформасига асосланади. Биз Марказий Осиёда IT стартаплар билан шуғулланувчи «Astana Hub» технопаркини яратдик. Барчангизни ушбу хаб салоҳиятидан фойдаланишга таклиф этаман”, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Президент она цивилизациямиз ва она тилимизни асраб-авайлаш масаласи мамлакатларимиз учун ғоят муҳим эканини таъкидлаб, сунъий интеллект ёрдамида “Катта тилли туркий модели”ни ишлаб чиқишни таклиф қилди.

шуша
Фото: Ақорда

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, иқлим ўзгаришини назорат қилиш жуда муҳим.

“Мутахассисларнинг таъкидлашича, дунёда ўртача ҳарорат Цельсий бўйича 1,5 даражага ошиши мумкин. Унинг эҳтимоли 80 фоиздан ошади. Яъни, иқлим билан боғлиқ мураккаб вазият юзага келади. Ер шарининг барча бурчакларида содир бўлаётган жазирама тўлқинлар, ўрмон ёнғинлари, қурғоқчилик ва тошқинлар бунинг ёрқин далилидир. Биз Туркий дунёси билан иқлим масаласида ҳамкорликни кучайтиришга тайёрмиз. Шу билан бирга, биз бу йил Озарбайжонда бўлиб ўтадиган СОР29 иқлим конференцияси ишида фаол иштирок этишни режалаштирганмиз. Қозоғистон иқлим ўзгариши билан боғиқ мажбуриятлари учун жавобгарликни ўз зиммасига олади. 2026 йилда биз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти доирасида Минтақавий иқлим саммитини ўтказамиз. Саммит ишида Туркий биродарларимиз фаол иштирок этишига ишонаман”, – деди Давлат раҳбари.

Қозоғистон Президенти Каспий ва Орол денгизидаги экологик муаммоларни ҳал этишда биргаликдаги саъй-ҳаракатлар зарурлигига эътибор қаратди.

“Биз Каспий денгизининг логистика салоҳиятини ошириш муҳимлигини айтдик. Лекин у ердаги экологик масалаларни ҳам четлаб ўтмаслик керак. Масалан, долзарб масалалардан бири денгиз сатҳининг тортилиши. Унинг атроф-муҳитини, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ҳам жуда муҳим вазифадир. Каспийни сақлаб қолиш учун аниқ эчимлар ишлаб чиқилиши керак. Айни пайтда туркий мамлакатлар олимлари ҳамкорлигини жонлантириш вақти келди. Бунинг учун Алматидаги Марказий Осиё экологик тадқиқот институти имкониятларидан кенг фойдаланиш зарур. Мен сизларни уни илмий ва техник нуқтаи назардан қўллаб-қувватлашга таклиф қиламан. Айни пайтда Орол денгизининг қуриб, чўлга айланиб бораётгани ташвишли муаммодир. Экологик офатдан зарар кўрган ҳудудни қайта тиклаш зарур. Шунинг учун Венгриядаги чўлларнинг олдини олиш институти билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйишни тавсия этаман. Бундан ташқари, трансчегаравий дарёларнинг сув ресурсларидан самарали фойдаланиш зарур. Бунинг учун сувни тежовчи технологиялардан кенг фойдаланиш зарур”, — деди Қозоғистон Президенти.

Давлат раҳбари ўз нутқини якунлар экан, бугунги учрашув муҳим масалаларни ҳар томонлама муҳокама қилиш имконини берганини таъкидлаб, бундай учрашувлар туркий дунёнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини ошириш, қардошлик ришталарини мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшишини таъкидлади.

шуша
Фото: Ақорда

 

Сўнгги хабарлар