ҚР Президенти тиббиёт ходимларига инсониятнинг COVIDга қарши курашига қўшган ҳиссаси учун миннатдорлик билдирди

Қасим-Жомарт Тоқаев бирламчи тиббий ёрдам бўйича Алмати декларацияси қабул қилинганининг 45 йиллигига ва Астана декларациясининг 5 йиллигига бағишланган глобал конференциянинг ялпи мажлисида иштирок этди, деб хабар беради Кazinform агентлиги Ақордага таяниб.

ҚР Президенти тиббиёт ходимларига инсониятнинг COVIDга қарши курашига қўшган ҳиссаси учун миннатдорлик билдирди
Фото: Ақорда

Давлат раҳбари конференция иштирокчиларини қутлар экан, Алмати ва Астана декларацияси халқаро соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш ва бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатишда алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлади.

“45 йил муқаддам бирламчи тиббий-санитария ёрдамининг ижтимоий адолатли моделига асос солган тарихий Алмати декларацияси қабул қилинди. Ушбу декларация глобал соғлиқни сақлашнинг Буюк Хартиясига айланди ва кўплаб мамлакатларни инсон саломатлигини асосий инсон ҳуқуқи сифатида эътироф этиб, уни яхшилаш бўйича чоралар кўришга илҳомлантирди. Алмати декларацияси кўплаб мамлакатларда оналар ва чақалоқлар ўлимини тизимли равишда қисқартириш ва умр кўриш давомийлигини оширишда ҳал қилувчи рол ўйнади. Бугунги кунда дунёнинг кўплаб мамлакатларида бирламчи тиббий ёрдамга алоҳида эътибор қаратувчи миллий соғлиқни сақлаш тизимлари барпо этилган. Буни беш йил аввал имзоланган Астана декларацияси ҳам тасдиқлайди”, – деди Президент.

Қасим-Жомарт Тоқаев таъкидлаганидек, бирламчи тиббий-санитария ёрдами тизими эпидемияларнинг дастлабки белгиларини аниқлаш ва кутилмаган муаммоларга жавоб беришда муҳим рол ўйнайди. Шунинг учун барча мумкин бўлган хавфларни ҳисоблаш ва соғлиқни сақлаш тизимини доимо тайёр ҳолатда сақлаш керак

“Давлат соғлиқни сақлаш ташкилотлари ўзларининг чидамлилиги ва тезда мослашиш қобилиятини кўрсатди", – деди у.

Давлат раҳбари барча тиббиёт ходимларига инсониятнинг COVIDга қарши курашига қўшган ҳиссаси учун миннатдорлик билдирди.

Қасим-Жомарт Тоқаев мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларга алоҳида тўхталди.

“Республикамизнинг барча болалар аҳолиси профилактик тиббий кўрик билан қамраб олинган. Деярли барча йирик аҳоли пунктларида ёшлар саломатлиги марказлари мавжуд. Ҳар йили уч миллионга яқин катталар скрининг ва профессионал кўрикдан ўтади. Қишлоқ аҳолисига тиббий хизмат кўрсатишда тенг имкониятлар яратиш мақсадида қатор ислоҳотларни амалга оширдик. Натижада 2018 йилдан буён қишлоқларга бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш пунктлари сони 3 баробардан зиёд кўпайтирилди. Шу билан бирга, бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш имкониятларини сезиларли даражада оширувчи телемедицина, масофавий мониторинг каби рақамли технологиялар фаол жорий этилмоқда”, – деди Давлат раҳбари.

Хулоса қилиб айтганда, Президент ЖССТ кўмагида бирламчи тиббий ёрдам бўйича мамлакатлар коалициясини тузишни таклиф қилди. Ушбу ассоциация профилактика ва соғлиқни сақлаш тамойилларини илгари суриш, бирламчи тиббий-санитария ёрдамини ривожлантириш бўйича қўшма тавсиялар ишлаб чиқиш имконини беради.

Давлат раҳбари бирламчи тиббий-санитария ёрдамини, бутун соғлиқни сақлаш тизимини янада ривожлантиришда ёшлардан умидлари катта эканини ҳам таъкидлади.

Президентимиз ёшлар билан учрашувларда доимо спорт билан шуғулланиш муҳимлигини таъкидлаб, уларни меҳнатсевар, мақсадли бўлишга чорлаётганини алоҳида таъкидлади.

Сўнгги хабарлар