ҚР Президенти Сиань шаҳрида Қозоғистон логистика маркази қурилишини ишга тушириш маросимида иштирок этди

ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев маросим иштирокчиларини қурилиш бошланиши билан табриклаб, мазкур лойиҳанинг муҳимлигини таъкидлади.
«Мамлакатимиз сўнгги 15 йилда ушбу соҳага 35 миллиард доллар сармоя киритди. Биз Ляньюньган портида Қозоғистон-Хитой логистика марказини ташкил этдик. Янги темир йўлларни очдик. «Қорғас – Шиғис қақпаси (Шарқий дарвоза)» қуруқ порти иш бошлади. Каспий денгизида замонавий инфратузилма яратилган. Бу чора-тадбирларни амалга оширилаётган ишларнинг бир қисми деб ҳисоблаш мумкин. Ўтган йили икки давлат ўртасида темир йўл орқали 23 миллион тонна юк ташилган. Бу мисли кўрилмаган кўрсаткич. Жорий йилнинг биринчи чорагида юк транзити 35 фоизга ортиб, 7 миллион тоннадан ошди. Ҳамкорлигимиз бу билан чекланиб қолмайди. Телекоммуникацияни янада ривожлантириш учун қўшимча инфратузилма зарур. Шу боис хитойлик ҳамкасбларимиз билан биргаликда Сиань қуруқ портида логистика маркази қуришга қарор қилдик. Бу марказ Шэньси минтақасини Қозоғистон ва Марказий Осиё билан боғлайди. Европа, Туркия ва Эронга йўл очади. Лойиҳанинг тўлиқ амалга оширилиши икки давлат ҳамкорлигига янги суръат бағишлайди, деб ўйлайман», – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Келгуси йилдан бошлаб қуруқ порт орқали электроника, компьютер, автомобиллар ва автомобиль эҳтиёт қисмлари, тўқимачилик, кийим-кечак, пойабзал ва аксессуарлар, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, қурилиш маҳсулотлари ва қурилиш материаллари, шунингдек, рудалар, металлар ва кимё маҳсулотларини ташиш режалаштирилган.