ҚР Президенти Швейцария ишбилармон доиралари вакиллари билан учрашди
Давлат раҳбари учрашув аввалида Швейцария терма жамоаси футбол бўйича Европа чемпионатида яхши ўйин намойиш этаётганини таъкидлади.
Президент Швейцария Конфедерацияси Қозоғистоннинг Европадаги энг муҳим савдо-иқтисодий шерикларидан бири эканлигини таъкидлади.
- Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар дўстлик ва ўзаро ишончга асосланган. Бугунги учрашувни Швейцария Президенти Ги Пармелан билан яқинда бўлиб ўтган видеомулоқотларнинг конструктив давоми деб биламан. Биз савдо алоқаларимизни ва сармоявий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ушбу соҳаларда муваффақиятларга эришиш учун ишлашга келишиб олдик. Қозоғистон мустақилликка эришганидан бери Швейцария иқтисодиётимизга қарийб 30 миллиард доллар сармоя киритди. Икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми ўтган йилги инқироз даврида ҳам 1,7 миллиард долларни ташкил этди, - деди Президент.
Қасим-Жомарт Тоқаев таъкидлашича, бугунги кунда Қозоғистонда Швейцария капитали иштирокидаги 400 дан ортиқ корхона мавжуд.
- Ўзаро алоқаларимиз ва ҳамкорлигимизда баъзи ютуқлар мавжудлигига ишонаман. Шу билан бирга, биз уни янада ривожлантириш учун етарли имкониятларга эгамиз. Қозоғистон тўғридан-тўғри сармояларни жалб қилиш учун мамлакатдаги энг қулай инвестиция муҳитини яратишга барча имкониятларни ишга солади. Қозоғистон минтақадаги энг йирик иқтисодиётдир. Бизнинг мақсадимиз минтақадаги етакчи мавқеимизни сақлаб қолишдир. Шунингдек, иқтисодиётимизни диверсификация қилиш билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишимиз керак, - деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Президентнинг таъкидлашича, Қозоғистон углероддан ҳоли, яшил технологияларга асосланган иқтисодиёт, атроф-муҳитни ва молия секторини муҳофаза қилиш билан боғлиқ лойиҳаларга устувор аҳамият беради.