ҚР Президенти Россия, Беларусь ва Қирғизистон ҳукумат раҳбарлари билан учрашди
Президент Қасим-Жомарт Тоқаев Россия, Беларусь ва Қирғизистон ҳукуматлари раҳбарларига эҳтиром кўрсатиб, биринчи халқаро “Иннопром. Қозоғистон” саноат кўргазмасини қўллаб-қувватлаганликлари учун миннатдорчилик билдирди, деб хабар беради Ақорда матбуот хизмати.

– Сизларнинг махсус ташриф буюрганларингиз, шубҳасиз, кўргазма мавқеини ошириб, савдо-иқтисодий алоқаларимиз яқинлигини яна бир бор исботлади. Бугунги кунда ушбу тадбир доимий бизнес платформасига айланди. Бу қувончли нарса. Кўргазма доирасида потенциал ҳамкорлар ва инвесторлар мамлакатларимиз саноат соҳаси ютуқлари билан танишади, ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш учун янги имкониятлар очилади, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Давлат раҳбарининг таъкидлашича, саноат, энергетика, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида қўшма корхоналар, йирик лойиҳалар кўпаймоқда. Буни Иттифоққа аъзо мамлакатлар ташқи савдоси ҳажмининг муттасил ошиб, жорий йилнинг биринчи ярмида 13 фоизга етганидан далолатдир.
Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон ва Россия ўртасидаги савдо, сармоя ва саноат соҳаларидаги алоқалар суръати юқори эканлигини таъкидлади.
- Россия компаниялари Қозоғистонга мунтазам сармоя киритадиган бешта асосий давлат қаторига киради. Бугун биз Россия билан биргаликда умумий қиймати 16,5 миллиард долларлик 40 та йирик лойиҳани амалга оширмоқдамиз, - деди Президент.
Давлат раҳбари Беларусь билан алоқалар ҳақида гапирар экан, қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқариш ва машинасозлик соҳасидаги тажрибани ижобий баҳолади. Бу йўналишдаги лойиҳаларнинг умумий қиймати қарийб 180 миллион долларни ташкил этади.
Шу билан бирга, Қозоғистон Президенти Қирғизистон Республикаси билан муносабатлар изчил ривожланиб бораётгани, ўзаро товар айирбошлаш суръати юқори эканлигига эътибор қаратди.
– Етти ойда икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 13 фоизга ошди. Қозоғистон-Қирғизистон чегарасида саноат савдо-логистика мажмуасини қуриш истиқболлари катта, - деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Президент ҳукуматлар раҳбарларига Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо мамлакатлар ҳамкорликни сезиларли даражада мустаҳкамлаш учун катта салоҳиятга эга, шу сабабли уни илгари суриш учун барча имкониятлардан фаол фойдаланиш зарурлиги ҳақида фикр билдирди.
– Қозоғистон Евроосиё иқтисодий иттифоқи доирасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ниятида. Бизнинг фикримизча, бу Иттифоқ жуда истиқболли интеграция ташкилотидир. Иттифоқнинг иқтисодий салоҳияти катта имкониятларга эга. Қозоғистон ЕОИИга аъзо барча давлатлар 2015 йилда бу ерда имзоланган келишувга қатъий риоя қилиб, мамлакатларимиз бозорини фақат иқтисодий интеграция, савдо-сотиқни ривожлантириш, ўзаро товар айирбошлаш йўналишида очиш масалалари билан шуғулланиши керак, — деди Қосим-Жомарт Тоқаев.
Давлат раҳбари савдо-иқтисодий ҳамкорлик самарадорлиги бевосита транспорт-транзит салоҳиятини ривожлантириш билан боғлиқ, шунинг учун транспорт алоқалари имкониятларини изчил ривожлантириш зарур, деб ҳисоблайди. Президент “Шимол-Жануб” транзит йўлаги, Қозоғистон-Туркманистон-Эрон темир йўли, Ғарбий Европа-Ғарбий Хитой йўналиши бўйича Эрон, Форс кўрфази, Ҳиндистонга чиқиш имконини берувчи имкониятлар ҳақида гапирди. Шу билан бирга, у Транскаспий халқаро транспорт йўлаги салоҳиятини алоҳида таъкидлади.
Бундан ташқари, Давлат раҳбари Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо мамлакатларнинг саноат соҳасида ҳамкорлигини ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, у жорий йил май ойида бўлиб ўтган Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши йиғилишида саноат лойиҳаларини амалга ошириш жараёнида ҳамкорликка молиявий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги ҳужжат имзоланганини эслатди. Президент таъкидлаганидек, мазкур механизм янги қўшма ишлаб чиқариш қувватларини очишга янги суръат бағишлайди.
Учрашув якунида Қасим-Жомарт Тоқаев ҳукуматлар раҳбарларига кўргазмани ташкил этишдаги фаол иштироки учун яна бир бор миннатдорчилик билдирди. Шунингдек, уларнинг фаолиятида муваффақиятлар, мамлакатлар фаровонлигига хизмат қилувчи янги қўшма лойиҳалар кўпайишини тилади.