ҚР Президенти Парламент спикери Ерлан Қошановни қабул қилди
ASTANA. Kazinform – Президентга Парламент Мажилиси фаолияти якунлари ҳақида маълумот берилди.

Сессия бошланганидан буён 62 та қонун қабул қилиниб, Сенатга юборилди. Шундан 55 та қонун Президент томонидан имзоланган. Қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қаторида Сув кодекси, шунингдек, молия бозорини ривожлантириш ва молиявий хизматлар истеъмолчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, товарларнинг ишлаб чиқарилган мамлакатини белгилаш, соғлиқни сақлаш, қимор бизнесига оид муҳим қонунлар бор.
Бугунги кунга қадар 76 та қонун лойиҳаси депутатлар муҳокамасига киритилди. Президент топшириғига асосан “Солиқ”, “Қурилиш кодекслари”, “Мажбурий ижтимоий тиббий суғурта тўғрисида”ги қонун лойиҳалари, илмий тадқиқот йўналишларини ривожлантириш, жиноят-процессуал қонунчилигини, сунъий интеллектни такомиллаштириш борасидаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Мажлис раиси янги Солиқ кодексини биринчи ўқишда кўриб чиқиш якунлари ҳамда Бурабайда бўлиб ўтган Миллий қурултойида Давлат раҳбари томонидан берилган топшириқларни қонунчиликда татбиқ этиш борасидаги ишлар тўғрисида маъруза қилди.
Қасим-Жомарт Тоқаевга депутатларнинг ҳудудларга хизмат сафари чоғида фуқаролардан давлат органларига келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш, Президент сиёсий ислоҳотларини тизимли амалга ошириш каби масалалар ялпи мажлисларда мунтазам муҳокама этилаётгани маълум қилинди.
Давлат раҳбарига Amanat партиясининг “Қарзсиз жамият”, “Қишлоқ омонати”, “Ер омонати”, “Ҳокимлар мактаби” лойиҳалари ижроси ҳақида ҳам маълумот берилди.
Бундан ташқари, Ерлан Қошанов Парламент дипломатияси доирасида амалга оширилаётган ишлар натижаларига алоҳида тўхталиб ўтди. Хусусан, Парламент делегацияси Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Парламентлараро иттифоқнинг 150-ассамблеясида иштирок этиб, Давлат раҳбарининг ижтимоий адолатни таъминлашга қаратилган ислоҳотлари билан таништирди. Бундай ишлар КХШТ Парламент Ассамблеяси, Туркий давлатлар Парламент Ассамблеяси, МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси ва бошқа соҳалардаги халқаро ҳамкорлик доирасида фаол амалга оширилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Yandex компаниясининг рақамли трансформацияга қўшган ҳиссасини юқори баҳолагани ҳақида ёзган эдик.