ҚР Президенти пандемия юзасидан тезкор ҳаракат штаби йиғилишини ўтказди
Президент бутун дунё глобал иқтисодиёт ва геосиёсий вазиятни ислоҳ қилишнинг оғир даврига қадам қўяётганини таъкидлади. Қозоғистон олдида мутлақо янги вазиятда иқтисодиётни барқарор ривожланиш режимида ушлаб туриш вазифаси турибди.
Бош вазир Асқар Маминнинг Ҳукуматнинг салбий ташқи омилларнинг мамлакат иқтисодиётига таъсирини камайтириш борасидаги саъй-ҳаракатлари тўғрисидаги маърузаси тингланди.
Давлат раҳбарининг таъкидлашича, фуқароларимизнинг соғлиғини сақлашга қаратилган коронавирус тарқалишига қарши курашиш бўйича чора-тадбирлар оқилона ва ўз вақтида қабул қилинган. Президент корхоналар ва мактабгача таълим муассасалари ходимларининг тиббий хавфсизлигини таъминлаш бўйича қўшимча чоралар кўриш зарур деб ҳисоблайди.
Қасим-Жомарт Тоқаев иш берувчилар билан уйда болалари билан қолишга мажбур бўлган ота-оналардан бирига ҳақ тўланадиган таътил бериш бўйича иш олиб боришни буюрди. Ҳукумат солиқ механизмлари орқали корхоналарни қўллаб-қувватлаш чораларини кўриши керак.
Давлат раҳбари тиббиёт муассасалари ва фуқароларни дори-дармон билан таъминлаш масаласини тезда ҳал қилишни, тиббий муассасаларнинг тайёргарлигини текширишни талаб қилди.
Давлат хизматчилари ва бошқа мансабдор шахсларнинг чет элга хизмат сафарларига бориши тақиқланган, мамлакат ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ташрифлар бундан мустасно.
Президент қисқа вақт ичида мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш прогнозини ва бюджет харажатларини қайта кўриб чиқишни топширди.
Қасим-Жомарт Тоқаевнинг сўзларига кўра, бюджет харажатлари бандликни таъминлаш, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш учун йўналтирилиши керак.
Ҳукуматга товарлар, ишлар ва хизматларни воситачиларисиз, авваламбор маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан тўғридан-тўғри ва ошкора харид қилиш тизимига ўтиш топширилди.
Ҳукумат йирик маҳаллий корхоналар билан биргаликда ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш ва кенгайтириш ва иш ўринларини сақлаб қолиш бўйича мақсадли инқирозга қарши режаларни ишлаб чиқади.
Давлат раҳбари маҳаллий товарлар ва ишчи кучидан фойдаланган ҳолда инфратузилма, ижтимоий объектлар, маҳаллий йўлларни таъмирлашни кўзда тутувчи Бандлик йўл харитасини амалга ошириш учун камида 300 миллиард танга ажратишни топширди.
Молия бозорини тартибга солиш ва ривожлантириш агентлигига Миллий банк билан биргаликда Қозоғистон бизнесини кредитлаш ҳажмининг пасайишини олдини олиш чораларини кўриш топширилди.
Вилоят ҳокимлари озиқ-овқат ва хизматлар нархларини назорат қилиш бўйича фаол иш олиб боришлари керак.
Президент, шунингдек, давлат идораларини маълум товарларга шошилинч талабни келтириб чиқарадиган ваҳима ва миш-мишларнинг олдини олиш учун хабардорликни оширишга, шу жумладан ижтимоий тармоқларга алоҳида эътибор беришга чақирди.
Қасим-Жомарт Тоқаев таъкидлаганидек, товар захиралари Қозоғистон аҳолисининг барча истеъмол товарларига бўлган эҳтиёжларини тўлиқ қондиради, танқислик хавфи йўқ.