ҚР Президенти Молиявий мониторинг агентлиги раисига қатор топшириқлар берди
Йиғилишда Молиявий мониторинг агентлиги раиси Президент топшириқлари ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ҳисобот берди. Жиноий даромадларни легаллаштиришнинг олдини олиш мақсадида агентлик молиявий регуляторлар билан биргаликда шубҳали трансчегаравий пул ўтказмалари устидан мониторингни кучайтирди.
Қасим-Жомарт Тоқаевга маълум қилинишича, жорий йилда тўхтатилган шубҳали операциялар сони уч баробардан кўпроққа ошган ва уларнинг умумий қиймати қарийб 150 миллиард тенгега тенг. Ушбу маълумотлар асосида текширувлар олиб борилмоқда. Агентлик маълумотларига кўра, пул ўтказмаларида кескин ўсиш кузатилмаган. Аксинча, жорий йилда пул ўтказмалари 30 фоизга қисқарди.
Жанат Элимановнинг сўзларига кўра, тегишли идоралар билан биргаликда нақд пулнинг ноқонуний муомалага чиқарилиши устидан назорат кучайтирилган. Умумий қиймати 5 миллион долларга яқин қонунбузарликлар аниқланди.
Бундан ташқари, Қозоғистон-Хитой чегараси ҳам текширилмоқда. Товарларни ноқонуний олиб кириш ҳолатлари бўйича уч ҳафта давомида 8 та жиноят ва 24 та маъмурий иш қўзғатилди.
Натижада, товарлар импорти камайганига қарамай, жорий йилнинг январ ойида бюджетга тушган божхона тўловлари ва солиқлар миқдори 20 фоизга (26,6 дан 31,7 млрд. тенгега) ошди.
Йиғилиш якунлари бўйича Президент Агентлик раисига яширин иқтисодиётга қарши курашиш бўйича тегишли чора-тадбирлар кўриш бўйича топшириқ берди. Президент асосий эътиборни ноқонуний йўллар билан, жумладан, хориждан сотиб олинган мулкларни қидириш, шунингдек, уларни Қозоғистонга қайтариш бўйича ишларни фаоллаштириш зарурлигини, ишларнинг барчаси шахснинг кимлиги ва лавозимидан қатъи назар, амалга оширилиши кераклигини таъкидлади.