ҚР Президенти Молия бозорини тартибга солиш ва ривожлантириш агентлиги раисини қабул қилди

Президент
Фото: Ақорда

Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Молия бозорини тартибга солиш ва ривожлантириш агентлиги раиси Мадина Абилқасимовани қабул қилди, дея хабар беради Кazinform агентлиги Ақорда расмий сайтига таяниб.

Президентга молия бозоридаги вазият, иқтисодиётнинг муайян тармоғига берилаётган кредитлар ҳажмини кенгайтириш ва аҳолининг ортиқча қарздорлигини камайтиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида маълумот берилди.

Қасим-Жомарт Тоқаевга банк акциядорларининг жавобгарлигини кучайтириш мақсадида ночор банклар фаолиятини тартибга солиш ва давлат томонидан қўллаб-қувватлашни чеклаш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилаётгани маълум қилинди. Давлат томонидан кўрсатилаётган молиявий кўмак тўлиқ қопланмагунча, банк раҳбарларига дивидендлар ва мукофотлар тўлашни қонуний равишда тақиқловчи ўзгартириш киритилиши кўзда тутилмоқда.

Агентлик раиси банк соҳасида барқарорлик, барча молиявий кўрсаткичларда ўсиш кузатилаётганини таъкидлади. Йил бошидан бери банк активлари 4,8 фоизга, яъни 46,7 триллион тенгега ошган. Иқтисодиётни кредитлаш 11,5 фоизга ёки 25,4 триллион тенгега, жумладан, кичик ва ўрта бизнесга берилган кредитлар 9,0 фоизга ёки 6,6 триллион тенгега ўсди.

Президентнинг тадбиркорлик субъектларини кредитлашни рағбатлантириш тўғрисидаги топшириғини амалга ошириш мақсадида банкларнинг капитали, ликвидлиги ва гаров сиёсати, шунингдек, хорижий шўъба банкларнинг кредит фаоллигини ошириш билан боғлиқ янги пруденциал чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Хорижий инвесторларнинг мамлакат банк секторига кириши учун қўйиладиган талабларни оптималлаштириш режалаштирилмоқда.

Агентлик томонидан стрессли активларни рақамли платформалар орқали сотиш, одамларнинг ортиқча қарз олишни қисқартириш, барча микрокредитлар учун ягона ставка белгилаш, инкассация фаолиятига қўйиладиган талабларни кучайтириш, молиявий фирибгарликка қарши курашиш бўйича қонун лойиҳалари ишлаб чиқилиб, Парламентга тақдим этилди.

Давлат раҳбарига маълум қилинишича, назорат доирасида ўтказилган текширишлар натижасида 29 та микромолия ташкилоти ва 14 та коллектор агентлик фаолияти тўхтатилган, уларга нисбатан 90 та назорат чораси қўлланилган, уларга нисбатан 338 та жами 105,3 млн тенге жарима белгилангани маълум қилинди.

Учрашув якунида Давлат раҳбари Агентлик олдига молиявий барқарорликни сақлаш, аҳолининг ортиқча қарздорлигини камайтириш, молиявий хизматлар истеъмолчилари ҳимоясини кучайтириш, тадбиркорлик субъектларини кредитлашни рағбатлантириш бўйича қатор вазифаларни қўйди.

Сўнгги хабарлар